Порахўрга қандай жазо бор? (+видео)
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган овозли чат давомида кузатувчилар томонидан берилган саволларга агентлик масъул ходими Ойбек Абдуғаниев жавоб берди.
– Коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун энг оғир жазо қайси мамлакатларда, қандай тартибда берилади? Бизда-чи?
– Коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарлик аввало ҳар бир давлатнинг ички сиёсатидан келиб чиқиб белгиланади. Кўпинча ижтимоий тармоқларда, аҳолимиз ёки кенг жамоатчилик билан ўтказилган сўровлар натижасида фуқароларимиз мамлакатимизда коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарлик енгил, оғирроқ, керак бўлса ўлим жазоси ёки мол-мулкини мусодара қилиш каби жазоларни кўриш бўйича таклифларни беришади. Айрим мамлакатларда коррупциявий жиноятлар учун ўлим жазоси белгиланган, масалан, Хитой халқ республикасида.
Ўлим жазоси мамлакатимизда 2005 йилдаги тегишли қонун билан бекор қилиш тўғрисида норматив ҳужжат қабул қилинган. 2008 йил 1 январдан мамлакатимизда ўлим жазоси буткул бекор қилинган. Яқинда бўлиб ўтган Конституциямизга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларнинг энг асосийси юртимизда ўлим жазоси ҳеч қандай жазо чорасига киритилмаслиги, керак бўлса, конституциявий қонун даражасида мустаҳкамлаш бўйича таклифлар билдирилди.
Бугунги кунда коррупциявий жиноятлар билан боғлиқ жавобгарликни бошқа давлатларники билан солиштирадиган бўлсак, Скандинавия давлатида айрим қилмишлар учун жиноий жавобгарлик мавжуд эмас. Айримларида эса жавобгарлик белгиланган. Бизнинг жиноят қонунчилигимизда коррупция деган жиноятнинг ўзи йўқ, коррупция билан боғлиқ бир нечта моддаларни ўз ичига қамраб олган. Шуларнинг ичида ижтимоий хавфи энг катта бўлган, айтайлик, пора олиш жиноятини оладиган бўлсак, бу ўта оғир жиноятлар тоифасига киради ёки пора бериш – 211-модда. Бизда коррупция билан боғлиқ жиноятлар ичида энг оғир жазо шу икки турдаги жиноятлар учун белгиланган бўлиб, бунда оғир қисми учун 10 йилдан 15 йил муддатгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Қирғизистон жиноят қонунчилигида пора олиш жинояти учун 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш ҳамда 3 йил муддатгача маълум лавозим ёки мансабни эгаллашдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Кўряпмизки, бизнинг жиноят қонунчилигимиздан кўра уларда сал енгилроқ. Қирғизистон жиноят қонунчилигида бир модда бор, бу мансабдор шахс томонидан пора беришни талаб қилиш оғир жиноят тури ҳисобланади. Бу турдаги жиноятни содир этган мансабдор шахсларга Қирғизистон жиноят қонунчилигига асосан 10 йилдан 20 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо чораси белгиланиши мумкин ёки Беларусь Республикаси жиноят қонунчилигини оладиган бўлсак, бу давлатда пора олиш жинояти учун 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Пора бериш жинояти учун эса 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.
Қозоғистон Республикаси жиноят қонунчилигида мансабдор шахс томонидан пора олиш содир этиладиган бўлса, ўша мансабдор шахс 10 йилдан 15 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Қозоғистон қонунчилигининг ўзига хос жиҳати – тегишли мансабдор шахснинг мол-мулки мусодара қилиниши мумкин, керак бўлса, бутун умрга мансаб лавозимини эгаллаши ёки қайсидир фаолият тури билан шуғулланиши тақиқланади, яъни бутун умрга. Худди шундай Қозоғистон қонунчилигига асосан пора бериш жинояти ҳам оғир жазога лойиқ кўрилади ва пора берган шахс ҳам 10 йилдан 15 йил муддатгача озодликдан маҳрум этилиши, мол-мулки мусодара қилиниши ҳамда бутун умрга маълум бир лавозимни эгаллаб ёки қайсидир фаолият билан шуғулланиши суд томонидан тақиқланади.
Бизнинг жиноят қонунчилигимизда ҳам коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун жазо енгил эмас. Лекин шундай бўлса-да, бу жиноятнинг ижтимоий хавфлилигидан, давлат ва жамиятга етказилиши мумкин бўлган салбий оқибатларидан келиб чиқиб, бу турдаги жиноятлар учун жазолар албатта муқаррар ҳамда оғир бўлиши керак. Бу борада янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Яъни жиноят қонунчилигимизда биринчи навбатда, коррупция билан боғлиқ жиноятларни тизимлаштириш, яъни тарқоқ ҳолатда бўлганлиги учун, иккинчидан, пора олиш, пора бериш билан боғлиқ жиноятлар учун жазо чораларини оғирлаштириш назарда тутилган. Юқорида айтганимиздек, 10 йилдан 15 йилгача эмас, керак бўлса, узоқ муддатли ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо чораси тайинланиши мумкин. Айнан шу жиноят учун санкцияга тегишли ўзгартириш киритиш назарда тутилган. Яъни энг оғир жазо чорасини қўллаш. Қонун лойиҳасининг яна бир муҳим жиҳати, бу тоифа шахсларга коррупция билан боғлиқ жиноятни содир этиб, шахс озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган тақдирда уни муддатидан олдин озод қилиш билан боғлиқ имтиёзлар қўлланилмайди ёки суд томонидан бу шахсга шартли ҳукм қилиниши мумкин эмас.
Муҳим жиҳати – жиноят қонунчилигимизда шундай қоида борки, жиноятни ижтимоий хавфлилигидан келиб чиқиб, агар шахс жиноятни содир этиб, маълум муддат жавобгарликка тортилмаса, жавобгарликдан озод қилиниши мумкин. Бу муддат жиноятнинг оғирлилик даражасидан келиб чиқади. Айнан коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахсларга жавобгарликка тортиш муддатини ўташ амалиёти бекор қилиняпти. Яъни мансабдор шахс коррупция жиноятини содир этиб, қандайдир сабаблар билан жавобгарликка тортилмай қолса, орадан 50 йил ўтгандан кейин ҳам бу муддат амалга қарамасдан айнан ушбу шахс хатти-харакатлари учун тегишли жавобгарликка тортилиши бўйича кераклиги қоидалар киритиляпти.
– Коррупция билан боғлиқ жиноятлар статистикаси қандай?
– Коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахсларга жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича ишлар амалга ошириляпти. Бу борада тегишли муҳофаза қилувчи идоралар томонидан доимий равишда чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Статистик маълумотларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, 2021 йилда 2345 та жиноят иши бўйича 2804 нафар мансабдор шахслар коррупция билан боғлиқ жиноятлари учун жавобгарликка тортилган. Жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 16 нафари республика даражасидаги, 241 нафари вилоят, 2547 нафари туман, шаҳар миқёсидаги вазирлик, идора ташкилотларнинг ходимлари бўлган.
Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 1741 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш, яъни растрата йўли билан талон-торож қилиш жинояти. Жиноят кодексининг 167-моддасида кўрсатилган жиноятни содир этганлиги учун 269 нафари фирибгарлик, яъни жиноят кодексининг 168-моддаси, 153 нафари пора олиш, 913, 7 млрд.ни ташкил этган. Амалга оширилган дастлабки суд ва тергов жараёнларида етказилган зарарнинг 714, 8 миллиарди айбдорлардан ундирилган.
2022 йилнинг олти ойида республикада 1429 та жиноят иши бўйича 1785 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 13 нафари республика, 195 нафари вилоят, 1577 нафари туман, шаҳар миқёсидаги вазирлик идора ва ташкилотларда фаолият юритган. Мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига етказилган зарар миқдори 668,2 миллиардни ташкил этган. Тергов ҳамда суд жараёнларида етказилган зарардан 599,1 миллиарди айбдорлардан ундирилган.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/Jm0PJtjKsgo" title=""Порахўр"га қандай жазо бор?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Н.Раҳмонова, Ё.Мелибоев (видео), ЎзА