Барчамиз фарзандимизнинг келажаги, камолоти учун қайғурамиз. Яхши касб эгаллаши учун барча шарт-шароитларни яратиб берамиз. Афсуски, баъзида олий ўқув юртига ўқишга кириш жараёнида фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолганимизни билмай қоламиз. Кимлардир бу имкониятдан фойдаланиб қолаётгани ҳам сир эмас. Айниқса, шу кунларда нафс ботқоғига ботган айрим кимсаларнинг “ови” юришиб қолди.
Яқинда Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқуловнинг қабул жараёнларини қонуний тартибда, шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида бутун жамоатчиликни огоҳлик, ҳушёрликка чақирувчи мурожаати оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.
Мурожаат билан танишган ҳар бир фуқаро олий таълим соҳасида ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммолар мавжудлиги, билдирилаётган муносабат, таҳлиллар ва келтирилаётган рақамлар орқали мазкур тизимда жуда кўп амалий ишлар қилиниб, самарали натижаларга эришилганлигини гувоҳи бўлади. Олий ва ўрта махсус таълим вазири ушбу мурожаатни халқимизга оддий, содда, жайдари тилда етказиб, илм-фанни, маънавият ва маърифатни, таълим-тарбияни ҳурмат қиладиган, ўзини "шу юрт келажагига бефарқ эмасман" деб ҳисоблаган мураббийга, профессор олимга, таълим муассасасининг бирор бир бўлимида ишлаб рўзғор тебаратаётган ходимга, улкан мақсадлар билан фарзандларини олий маълумотли қилиш истагида бўлган ота-оналарга даъваткорлик билан юзланди. Айтиш мумкинки, шу юртнинг содиқ фарзанди, соҳанинг жонкуяри, ҳамда ёшларнинг энг яқин дўсти сифатида ўз холис фикрларини баён қилди.
Мамлакатимизда олий таълим муассасаларига ўқишга кирмоқчи бўлган ўғил-қизларга барча шароитлар яратилган. Жойларда репититорлик ва ўқув марказлари фаолият кўрсатмоқда. Йўналишдаги фанларни яхши ўзлаштирган ёшларимиз тест синовларини аъло даражада бажариб, талабалик бахтига муяссар бўлмоқда. Тест синовлари адолатли, шаффоф ўтказилмоқда, бу жараёнда инсон омилининг таъсири умуман йўқ.
Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятида инсон манфаатларига хизмат қилиш биринчи ўринга кўтарилган. Эътиборли жиҳати, олий ўқув муассасаларига қабул қилиш квоталари йилдан-йилга кўпаймоқда, янги олий таълим масканлари очилмоқда. Эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, иқтидорли ёшларга имтиёзлар бериляпти. Хусусан, вилоятимизнинг Сўх тумани ёшлари учун берилган бу борадаги имкониятлар уларнинг етук мутахассис бўлишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ёшлар олий даргоҳларни ўқиб битириб, жамиятимизнинг ишончли таянчига айланади. Шу боис тўғри йўлдан адашиб, энг ёмон иллат бўлган пора таклиф этиш билан бирга ўз истиқболини ҳам йўқотиши мумкин. Ўз билимига ишонган киши ҳеч қачон тўсиқларда чўчимайди, мақсади сари дадил интилади. Олий ўқув юртига ўқишга киришда алдовларга, фирибларга ишонмаслик керак.
Илҳомжон Носиров,
Фарғона давлат университети
проректори