Жиззах вилоятида “сув қудуғидан фойдаланишга рухсат” беришни ваъда қилиб, пора талаб қилган мансабдор шахслар қўлга олинди.
Аниқланишича, “Жиззах сув таъминоти” акциядорлик жамиятининг абонентлар билан ишлаш бўлимида фаолият юритувчи икки инспектор — П.К. ҳамда Т.Т. Шароф Рашидов тумани ҳудудида жамият балансида бўлган артезиан қудуғидан ҳеч қандай ҳужжатларсиз фойдаланиш учун фуқаро К.С.га рухсат беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига улар 5 миллион сўм миқдорида пора талаб қилишган.
Маълумотларга кўра, мазкур ноқонуний ҳаракатлар филиал бош муҳандиси кўмагида амалга оширилиши режалаштирилган. Фуқаро томонидан тегишли идораларга шикоят аризаси ва аудиоёзувлар тақдим этилган. Тақдим этилган материаллар атрофлича ўрганилиб, ҳолатда жиноят аломатлари мавжудлигига ҳуқуқий баҳо берилган.
Жорий йилнинг 17 январь куни Давлат хавфсизлик хизмати Жиззах вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчилар 5 миллион сўмни олаётган вақтларида жиноят устида қўлга тушишди.
Мазкур ҳолат айрим мансабдор шахслар хизмат ваколатини шахсий манфаат йўлида суиистеъмол қилишга уринаётганини яна бир бор кўрсатди. Ваҳоланки, сув таъминоти каби ижтимоий аҳамиятга эга соҳада шаффофлик ва қонунийлик тамойиллари сўзсиз таъминланиши шарт.
Қонун устуворлиги таъминланаётган шароитда хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаролардан ноқонуний равишда пул талаб қилишга мутлақо ўрин йўқ. Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли тартибда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири