Бунёдкорона ислоҳотлар самарасида Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларидаги таълим муассасалари ҳам замонавий кўринишга келтирилмоқда.
Поп туманидаги 70-умумий ўрта таълим мактабида инвестиция дастури доирасида 2 млрд 778 млн сўм эвазига янги 96 ўринли қўшимча ўқув биноси қурилиб, мавжуд 270 ўринли бино мукаммал таъмирланди. Айни пайтда маскан 370 нафар ўғил-қизни ўз бағрига олади.



Муассасанинг очилиш маросимида туман ҳокими А. Султонов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Р. Исроилов барча ўқитувчи ва ўқувчиларни табриклаб, келгуси фаолиятларига зафарлар тилади. 96 ўриндан иборат янги ўқув биноси 7 та синф хонасини ўз ичига олган бўлиб, ахборот технологиялари, тўгарак хоналари, кимё, биология, физика лаборатория хоналари, хорижий тилларни ўқитишга мўлжалланган ўқув хоналарининг бари ўқувчилар ихтиёрида.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат), ЎзА