Польшада Конституциявий суд атрофидаги можаро сиёсий инқирозга айланди
Польша пойтахти Варшавада Конституциявий суд раҳбарияти атрофида юзага келган зиддият оммавий намойишларга сабаб бўлди. Суд раиси Богдан Свенчковский ва унинг ўринбосари Бартломей Соханскийнинг хизмат вазифаларини вақтинча бажаришдан четлатилиши мамлакатда сиёсий кескинликни кучайтирди.
Таъкидланишича, Конституциявий суд биноси олдида мухолифат вакиллари ҳамда намойишчилар тўпланган. Ҳудудда хавфсизлик чоралари кучайтирилиб, полиция ходимлари жалб этилган.
Можарога судья Анна Корвин-Петровскаянинг Конституциявий суд раҳбарияти ваколатларини вақтинча тўхтатиш ҳақидаги қарори сабаб бўлган. У судьялар ва муассаса ходимлари хавфсизлигига таҳдид мавжудлигини билдириб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.
Бироқ суднинг “X” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида мазкур қарор қонунийлиги рад этилиб, Богдан Свенчковский ҳамон суд раиси экани таъкидланган. Мухолифат вакиллари, жумладан, «Ҳуқуқ ва адолат» партияси етакчиси Ярослав Качинский содир бўлаётган воқеаларни давлат тўнтаришига уриниш сифатида баҳолаган.
Польша президенти Карол Навроцкий Сенегалга режалаштирилган ташрифини тўхтатиб, Варшавага қайтган ва Конституциявий суд атрофидаги вазият юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказган.
Мамлакат бош прокурори Вальдемар Журек эса суд раҳбариятининг икки вакилига нисбатан дахлсизлик ҳуқуқини бекор қилиш бўйича бешта илтимоснома киритган.
Суд биноси олдидаги намойишлар давомида полиция билан тўқнашувлар юз берган ва уч киши қўлга олинган. Конституциявий суд раҳбарияти ваколатлари бўйича баҳс эса ҳал этилмаган.
Ҳукумат мазкур чораларни суд тизимида қонунийликни тиклаш зарурати билан изоҳлаётган бўлса, мухолифат уларни конституциявий тузумга таҳдид сифатида баҳоламоқда.
А.Маматов, ЎзА