Польша парламенти вакиллари Самарқандда
Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Польша Республикаси парламенти қуйи палатаси – Сеймининг иқтисодиёт ва ривожланиш комиссияси раиси Рафал Комаревич бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди.
Меҳмонлар дастлаб халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши вакиллари билан учрашиб, ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашди.
Рафал Комаревич Кичик Польша воеводлиги (вилояти) маркази ҳисобланган Краков шаҳри ҳам Самарқанд каби тарихий шаҳар эканлиги ва у ерга йилига 16 миллион атрофида хорижлик сайёҳлар ташриф буюришини қайд этиб, Самарқанд билан туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш, ўзаро тажриба алмашиш икки томон учун ҳам манфаатли бўлишини таъкидлади. Шунингдек, олий ўқув юртлари ўртасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, илмий соҳадаги ҳамкорлик ҳам ўзаро муносабатларда муҳим йўналиш эканлиги айтилди.
– Ўзбекистонга сафар бизга кутганимиздан ҳам юқори даражада ўтмоқда, – дейди Польша Республикаси Сейми иқтисодиёт ва ривожланиш комиссияси раиси Рафал Комаревич. – Ўзбекистонликларнинг меҳмондўстлиги алоҳида эътирофга муносиб. Инсонларнинг самимийлиги кишини ўзига жалб этади. Шу боис ҳам бу юрт билан дўстона алоқаларни ривожлантириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳар жиҳатдан зарур деб ўйлайман.
[gallery-32721]
Ташриф давомида меҳмонлар Регистон майдонида Самарқанддаги польяк диаспораси вакиллари билан учрашди. Учрашувда ўзбек ва польяк халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик, икки мамлакатнинг ўзаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётганлиги алоҳида таъкидланди. Польша парламенти вакилларининг ушбу ташрифи ҳам ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш, мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Меҳмонлар Самарқанддаги тарихий-маданий ёдгорликлар, диққатга сазовор масканлар билан ҳам танишди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари