Халқпарвар Президент ва меҳрибон бобо сиймоси мужассам нома
Давлатимиз раҳбарининг набирасига йўллаган мактуби набира мисолида бутун Ўзбекистон фарзандларига айтилган сўзлар, қилинган орзу-ниятлар, кутилаётган умидлар бўлди.
Шу боис ҳам ушбу мактубнинг мазмуни, моҳияти халқимиз ва кенг жамоатчилик вакиллари томонидан таҳлил қилиниб, илиқ муносабатлар билдирилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ёш депутатларидан бири Шаҳноза Холмаҳаматова ҳам бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Президентимизнинг набираси Шавкатбекка йўллаган мактубини ўқиб, чуқур таъсирландим. Унда меҳрибон бобонинг самимий туйғулари, ҳаётий тажрибаси ва давлат раҳбарининг халқ келажаги олдидаги юксак масъулияти ўзаро уйғун ифодаланган.
Айниқса, Шавкатбекнинг «Нега Сиз доим узоқ сафарларга кетасиз?» деган беғубор саволига берилган жавоб эътиборимни тортди. Бу саволда боланинг бобосига бўлган соғинчи, жавобда эса миллионлаб болаларнинг эртанги куни учун қайғураётган давлат раҳбарининг масъулияти мужассам. Мактубнинг таъсирчан жиҳати ҳам шунда — унда меҳрибон бобо ва халқпарвар Президент сиймоси бир бутун ҳолда намоён бўлади.

Президентимизнинг пахта далаларида кечган болалик йиллари ҳақидаги хотиралари мамлакатимиз ҳаётида юз берган муҳим ижтимоий ўзгаришларни англашга ундайди. Бир пайтлар болаликнинг катта қисми далаларда ўтган бўлса, бугун болаларнинг таълим олиши, истеъдодини намоён этиши ва замонавий билимларни эгаллаши учун шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган.
Мактубда Имом Бухорий, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва Беҳбудий каби буюк аждодларимиз меросига мурожаат қилиниши ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу ёш авлодга тарихий меросимиз билан фахрланиш билан бирга, унга муносиб бўлиш масъулиятини ҳам эслатади. Аждодлар анъаналарини давом эттириш — илм излаш, янгилик яратиш ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш демакдир.
Замонавий гаджетлар ва сунъий интеллектдан оқилона фойдаланиш, бироқ уларга қарам бўлиб қолмаслик ҳақидаги насиҳат эса бугунги давр талабларига ҳамоҳанг. Чунки келажак авлоди технологиялардан шунчаки фойдаланувчи эмас, балки уларни янги билимлар, инновациялар ва тараққиёт манбаига айлантира оладиган авлод бўлиши керак. Бунинг учун мустақил фикрлаш, мутолаа, хорижий тилларни ўрганиш ва узлуксиз изланиш муҳим.
Мактубда инсон манфаатларини ислоҳотлар марказига қўйиш ғояси ҳам яққол сезилади. Болалар таълими, ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, миллий қадриятларни замонавий билимлар билан уйғунлаштириш — мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиётини белгиловчи стратегик вазифалардир. Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг дунёдаги мавқеини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам, моҳиятан, мамлакатимизнинг тинчлиги, фаровонлиги ва келажак авлод имкониятларини таъминлашга хизмат қилади.
Она сифатида мактубдан олган энг муҳим хулосам шуки, фарзандга қолдириладиган энг бебаҳо мерос — билим, мустаҳкам тарбия, мустақил тафаккур, инсонийлик ва Ватанга муҳаббатдир. Бу қадриятлар оилада шаклланади, таълимда ва жамият муҳитида мустаҳкамланади, давлат яратган имкониятлар орқали рўёбга чиқади.
Менимча, ушбу мактубнинг энг катта маънавий моҳияти шундаки, унда Президент бобонинг набирасига билдирган меҳри орқали бутун бир авлодга қаратилган эзгу тилак ва ҳаётий сабоқ мужассам. Унда Ватанга муҳаббат, илмга интилиш, инсонийлик ва халқ тақдири учун масъулият каби қадриятлар бир бутун мазмун касб этади.
ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова ёзиб олди.