Жамиятда хавфсизликни таъминлаш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда қиш мавсумини беталафот ўтказиш, бу борада аҳолини ёқилғи-энергетика ресурслари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ мазкур вазифалар ижроси қандай таъминланаётганини ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳрининг Сергели ва Янгиҳаёт туманларида бўлди.
Сергели тумани Фароғатли маҳалласида жойлашган “Veolia energy Tashkent” қўшма корхонаси, Софдил маҳалласидаги “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти, Зийнат ва Эзгулик маҳаллаларига хизмат кўрсатувчи “Ҳаёт” бошқарув сервис компанияси ҳамда Янгиҳаёт туманидаги “Aktam taʼmir servis” бошқарув сервис компанияси фаолияти кўздан кечирилди.
Ўрганишлар жараёнида аҳоли тураржойларида электр энергияси ва иссиқ сув барқарорлиги таъминлангани, масъул идора ва ташкилотларда барча зарур техникалар мавжудлиги ҳамда захира ресурслари ғамланганлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Ишчи гуруҳ Сергели тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида бўлди. Тунги хизматга жалб этилган шахсий таркиб ва бириктирилган куч ва воситаларнинг шайлиги, шунингдек, уларнинг тезкор вазиятларга тайёргарлиги текширилиб, хизмат фаолиятини такомиллаштириш юзасидан аниқ вазифалар берилди.
Янгиҳаёт тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси биносидаги қурилиш ишлари билан танишилди. Мутасаддиларга идорани қисқа муддатларда сифатли қуриб битириб, ишга тушириш бўйича кўрсатма берилди.
Янгиҳаёт туманида фаолият кўрсатаётган “Меҳрибоғ” номидаги маданият ва истироҳат боғида хизматни ташкил этиш, фуқаролар хавфсизлиги қай даражада таъминлангани ҳамда мажмуада Янги йил байрамини ўтказиш жараёнида аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.
Хавфсизликни таъминлашга жалб қилинган ходимларнинг ахборотлари тингланди. Уларнинг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича тезкор шайлик ҳолати назорат тариқасида текширилди. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда хизматни ташкиллаштириш борасида тегишли кўрсатмалар берилди.
Ўрганишлар жараёнида аниқланган барча камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, келгусида хизмат фаолиятини такомиллаштиришга оид мақсадли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари давом этмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА