Покистон Саудия ва хусийлар ўртасидаги кескинликни юмшатиш учун Эрондан ёрдам сўради
Покистон армияси бошлиғи Осим Мунир Исломобод ва Ар-Риёд ўртасидаги ўзаро мудофаа шартномасига асосланиб, Эронни бир неча бор хусийларнинг Саудия Арабистони ва ушбу мамлакат энергетика инфратузилмасига ҳужумни тўхтатишда ёрдам беришга чақирди. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берган.
Покистон расмийлари Теҳронга агар подшоҳлик ўзаро мудофаа бандини қўлласа, мамлакат Саудияни ҳимоя қилишга мажбур бўлиши мумкинлиги ҳақида маълум қилган.
– Эрон бу низо Саудия ва Яман ўртасида эканини даъво қилмоқда, – дея таъкидлаган музокара билан таниш Исломобод манбаси. – Бинобарин, бу кескинлик Ислом Республикаси минтақавий сиёсатига ҳам дахлдор.
Шунингдек, Покистоннинг Эронга босим ўтказишга уриниши можаро жиддийлигини тасдиқламоқда. Газета апрель ойида Саудия шарқидаги авиация базасига қирувчи самолёт ва учувчилар жойлаштирган Исломобод “қийин аҳволда” эканига урғу берган.

Покистон 2015 йил Яманда Саудия бошчилигидаги ҳаво ҳужумига қўшилишдан бош тортган. Янги келишув бўйича мажбурият ва жиддий молиявий заифлик Ар-Риёдга яна қаршилик кўрсатиш қийин бўлишини англатади.
– Агар Саудия Арабистони шундай илтимос билан мурожаат қилса, Покистон мамлакатни Ямандаги дронлар ва ҳатто ҳужум уюштирувчи қурилмалардан ҳимоя қилиш учун ҳаво кампаниясида иштирок этиши мумкин, – дея хулоса қилган манба.
Аввалроқ Хитой ҳам Эрондан хусийларга таъсир ўтказишни сўраган эди.
Саудия ёрдам сўраб Пекинга мурожаат қилгач, Хитой норасмий тартибда Эрондан Ямандаги хусийларга нисбатан ўз таъсиридан фойдаланишни сўраган.

“Reuters” хабар беришича, ХХР можаро энергия йўли бўйлаб тарқалишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда.
Ар-Риёд хусий исёнчилар Қизил денгиз соҳили ва Боб Ал-Мандиб бўғозида тез суръат билан олдинга силжиши ортидан Чин мамлакатига мурожаат қилди. Ҳозирги ҳолат Саудиянинг нефть экспорти ва юк ташиш қобилиятини янада заифлаштирди.
Хитой иккала томонни ҳам ўзини тутиш, мулоқотга киришиш ва хавфсиз юк ташишни тиклашга чақирган. Ўз навбатида Теҳрон жавоб сифатида минтақадаги барқарорлик, тинчлик АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши тугашига боғлиқлигини айтган.

С.Раҳимов,
ЎзА шарҳловчиси