Пиёз етиштиришдан - экспортгача: 2026 йилда Ўзбекистон бозоридаги вазият қандай?
Пиёз — оддий маҳсулот эмас. У дунё халқлари ошхонасида алоҳида ўрин тутади ва кундалик истеъмолдан тортиб экспортгача бўлган занжирда муҳим аҳамиятга эга. 2026 йил бошидан эса мазкур бозорда жиддий ўзгаришлар кузатилмоқда: экспорт қисқарди, нархлар пасайди, айрим имкониятлар эса ҳали тўлиқ ишга солинмаган.
Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, соҳада муайян ютуқлар билан бирга тизимли муаммолар ва янги имкониятлар ҳам мавжуд.
Сўнгги йилларда мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ривожлантириш мақсадида марказий ва ҳудудий экспорт штаблари фаолияти йўлга қўйилди. Хорижий бозорлар ҳақидаги маълумотлар махсус рақамли платформалар орқали маҳаллий экспортчиларга етказилмоқда.
2025 йилда Ўзбекистондан 309,1 минг тонна пиёз 85,1 миллион долларга экспорт қилинган. Экспорт географияси 23 та давлатни қамраб олди. Асосий улуш Россия, Қозоғистон, Ироқ, Қирғизистон ва Беларусь давлатларига тўғри келади.

Бироқ, 2026 йилнинг биринчи чорагида Қозоғистонда пиёз етиштириш 42 фоизга ошиб, минтақавий бозорда таклифни кўпайтириши, глобал логистика занжирларидаги узилишлар, ноқулай об-ҳаво шароити туфайли эртапишар ҳосилнинг кечикиши каби омиллар сабабли экспорт ҳажми кескин камайиб, 2,3 баробарга пасайган.
Шу билан бирга, янги бозорлар сифатида Европа Иттифоқи, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё давлатларига чиқиш имкониятлари мавжуд. Айниқса, Европа бозори юқори нарх ва талаблари билан ажралиб туради. Республикада 583 та қуритиш корхонаси мавжуд бўлсада, уларнинг барчаси тўлиқ қувватда ишламаяпти. 2025 йилда 13,6 минг тонна қуритилган пиёз экспорт қилинган бўлса, 2026 йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич умуман қайд этилмади.
Қуритилган пиёз — юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот бўлиб, Европа, Россия ва Жануби-Шарқий Осиё бозорларида катта талабга эга. Шу боис бу йўналиш экспортни диверсификация қилишда муҳим омил бўлиши мумкин. 2026 йил бошидан ички бозорда пиёз нархлари пасайди. Январь–апрель ойларида нархлар ўтган йилга нисбатан ўртача 37 фоизга арзонлади ва 1 кг. учун 2600–4500 сўм атрофида шаклланди.
Айрим ҳудудларда энг паст нархлар Сирдарё ва Фарғонада, энг юқори нархлар эса Тошкент шаҳрида кузатилмоқда. Халқаро таққосламада эса Ўзбекистонда пиёз нархи анча арзон: ўртача 0.25–0.35 доллар. Бу кўрсаткич Европа ва ривожланган давлатларда бир неча баробар юқори.
Бугунги шароитда пиёз бозорини барқарор ривожлантириш учун омборларда маҳсулот сифатини доимий назорат қилиш, замонавий сақлаш технологияларини жорий этиш, экспорт учун маҳсулотни саралаш ва стандартлаштириш, ортиқча ҳажмларни қайта ишлашга йўналтириш ҳамда логистика занжирларини такомиллаштириш каби чоралар муҳим.
Умуман олганда, 2026 йил пиёз бозори учун синов йили бўлмоқда. Аммо мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланилса, мазкур соҳа нафақат ички бозор барқарорлигини таъминлайди, балки экспорт салоҳиятини ҳам янги босқичга олиб чиқиши мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА