“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ходимлари ўртасида мини футбол мусобақаси ўтказилмоқда
Бугун пойтахтимиздаги “Бунёдкор” стадионида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ходимлари ўртасида мини футбол бўйича “Бошқарув раиси кубоги” мусобақасининг республика босқичига старт берилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Дилшод Носиров, таниқли футбол устаси Миржалол Қосимов ҳамда бошқа меҳмонлар иштирок этиб, мазкур спорт тадбири ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш ва жамоавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканини таъкидлади.
Мусобақада жамиятнинг турли ҳудудий корхона ва филиалларида фаолият юритаётган ходимлардан шаклланган 18 та жамоа иштирок этмоқда. Саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган жамоалар республика босқичида ўзаро куч синашиб, бош соврин учун қизғин баҳс олиб бормоқда.
[gallery-29072]
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ жамоаси аъзоси Жавоҳир Баҳриддиновнинг таъкидлашича, бундай спорт мусобақалари ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш билан бирга, жамоавийлик руҳини мустаҳкамлаш, ўзаро ҳамжиҳатликни кучайтириш ва иш жараёнларидаги самарадорликни оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
–Бугунги турнир биз учун оддий спорт мусобақаси эмас, балки бутун тизим ходимларини бир мақсад атрофида бирлаштирадиган муҳим майдондир. Майдонда ҳар бир жамоа ғалаба учун курашаётган бўлса-да, энг асосийси ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамкорлик муҳитини янада мустаҳкамлаш. Бундай мусобақалар ходимларнинг жисмоний фаоллигини ошириш баробарида, жамоада корпоратив руҳни юксалтиради ва иш жойидаги муносабатларни янада яқинлаштиради. Бу эса, ўз навбатида, меҳнат самарадорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади, – деди у.
Қайд этиш жоизки, спорт нафақат саломатлик гарови, балки жамоада интизом, ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамловчи муҳим омил ҳамдир. Шу маънода, мазкур мусобақа тизим ходимлари ўртасида корпоратив маданиятни юксалтириш, дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда бўш вақтни мазмунли ташкил этишга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА