Пиллачилик соҳаси ривожи учун берилган имтиёзлар 2026 йилгача узайтирилди
Ўзбекистон Республикаси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Баҳром Шарипов бошчилигида республикамиз бўйлаб барча вилоят “Агро-пилла” раҳбарлари, корхона таъсисчи ва бошлиқлари иштирокида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида ипаксаноат тизимидаги ислоҳотларнинг натижадорлигини ошириш мақсадида соҳа ривожи учун берилган имтиёзларни 2026 йил 1 январга қадар узайтириш таъкидлаб ўтилган эди.
Шундан келиб чиқиб, тадбирда тизим ташкилотлари ва корхоналар раҳбарларига бундай яратилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиш, шу орқали аҳоли фаровонлигини ошириш ва бандлигини таъминлашга эришиш мумкинлиги қайд этилди.
–Президентимизнинг жорий йил 26 апрелдаги “Республикада гўшт, жун ва сут йўналишидаги майда шохли молларни кўпайтириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, ипак қурти уруғи, тут кўчатлари ва пилла етиштириш, пиллани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш каби корхоналар учун кўзда тутилган солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар узайтирилди, – деди Б.Шарипов. –Шунингдек, бу имтиёз қоракўлчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун ҳам катта имкониятларни беради.

Йиғилишда уюшма билан имзоланган шартнома келишувларини ўз вақтида бажармаган корхона раҳбарлари огоҳлантирилди. Жорий йилдаги мавсум ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш, экспорт, бандлик ва инвестиция масалалари танқидий руҳда муҳокама этилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА