Пилла етиштириш ривожланмоқда
Жиззах вилоятида жорий мавсум учун 2 минг тонна пилла етиштириш режаси белгилангани соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар янги босқичга кўтарилганидан далолат беради. Ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан қарийб икки баробар юқори бўлиб, тармоқда ўсиш суръатлари барқарор тус олаётганини кўрсатмоқда.
Айниқса, 28 минг нафар хотин-қизни пиллачиликка жалб этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш ва доимий даромад манбаи яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса пиллачиликнинг нафақат иқтисодий, балки муҳим ижтимоий аҳамиятга эга соҳа эканини тасдиқлайди.
Шу билан бирга, вилоятда 70 та марказлашган пиллахона ташкил этиш ва уларни босқичма-босқич фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу инфратузилмани модернизация қилиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда маҳсулот сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Мутахассислар таъкидлашича, пиллачилик тармоғи қишлоқ хўжалигининг стратегик йўналишларидан бири бўлиб, у аҳоли бандлигини таъминлаш билан бирга экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва миллий иқтисодиётга барқарор маблағ келтиришда муҳим ўрин тутади.
Дўстлик туманидаги Саритепа маҳалласи ҳудудида жойлашган марказлашган пиллахонада янги мавсумга тайёргарлик ишлари изчил давом этмоқда. Бу ерда 50 қути ипак қурти уруғини парваришлаш жараёни йўлга қўйилган бўлиб, барча агротехник талаблар асосида ишлар амалга оширилмоқда. Ипак қурти учун қулай муҳит яратиш орқали юқори ҳосилдорликка эришиш мақсад қилинган.
Мазкур амалий ишлар келгусида пиллачилик тармоғини янада ривожлантириш, маҳсулот ҳажми ва сифатини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз. Бу эса “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларнинг жойларда изчил ва самарали амалга оширилаётганининг яна бир тасдиғидир.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА