Петер Эршманнинг ноодатий арт лойиҳаси Тошкентда намойиш этилмоқда
“Green University” ҳузуридаги “ARTepa” галереясида швейцариялик рассом Петер Эршманнинг “Қўғирчоқлар” (“Marionettes”) номли кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Бирлашган Араб Амирликларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Матар ал -Қамзий, Швейцария элчихонасининг минтақавий маслаҳатчиси Денис Писони, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, ёш эко-фаоллар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Кўргазма марказида инсон ва жамиятнинг замонавий ҳаёт тарзи, технологиялар, ижтимоий меъёрлар ҳамда экологик ўзгаришлар билан боғлиқ муносабатлари акс этган. Рассом оддий ва такрорланувчи ҳаракатлар орқали инсоннинг кундалик ҳаётдаги “кўринмас тизимлар” таъсирида яшашини рамзий тарзда ифода этади.

Кўргазмани очиб берган Азиз Абдуҳакимов бу асарлар инсонни ўз ҳаракатлари ва танловларининг атроф-муҳитга таъсири ҳақида чуқурроқ ўйлашга ундашини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳатто инсон фикрлашидаги кичик ўзгаришлар ҳам жамият ва табиат билан уйғун муносабатларни шакллантиришга хизмат қилиши мумкин.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Петер Эршман 20 йилдан ортиқ вақтдан буён видеoинсталляция йўналишида ижод қилиб келмоқда. У яратаётган “жонли суратлар”да қаҳрамонлар бир хил ҳаракатларни қайта-қайта такрорлайди. Бу эса замонавий ҳаётнинг доимий айланма жараёнларини ва инсоннинг ундаги ўрнини ифодалайди.

Рассомнинг таъкидлашича, кўргазма инсон ва табиат ўртасидаги боғлиқликни англашга, атроф-муҳитга нисбатан масъулият билан ёндашишга чақиришни мақсад қилган.
– Мен учун энг муҳими – инсонлар шу ерда учрашиб, табиат, сув, ўрмонлар ва келажак ҳақида мулоқот қилиши, – дейди Петер Эршман. – Чунки, асарларим ҳақиқий ҳаёт билан боғлиқ.

БAA элчиси Саид Матар ал-Қамзий ушбу кўргазмани Ўзбекистон ёшлари учун санъатнинг инновацион йўналишларини англашга хизмат қиладиган муҳим маданий ҳодиса сифатида баҳолади.
Астрономия парки ҳудудида жойлашган галереядаги кўргазма 31 июлгача давом этади. Кўргазмага кириш бепул.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА