Бухоро вилояти Олот тумани “Ёш ботир” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ҳожимурод ота Бектошевнинг қалби чексиз қувончга тўлди. Унинг шинамгина ҳовлиси тумандошлари, маҳалладошлари, фарзандлари ва неваралари билан гавжум бўлди.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, жамоатчилик вакиллари шаҳар ва туманларда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олиб, давлатимиз раҳбарининг табриги ва пул мукофотларини етказди.
Учрашувда Ботир Зарипов Президентимизнинг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. 20 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти ва байрам совғаларини топширди. Президентимиз номидан тақдим этилган махсус қимматбаҳо совға эса уруш фахрийларига бўлган чексиз ҳурмат рамзи бўлди.
Шунингдек, отахон вилоят ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси томонидан ҳам моддий рағбатлантирилди. Бундан ташқари, уруш фахрийсига вилоят мудофаа ишлари бошқармаси ва бошқа ташкилотлар томонидан эҳтиром кўрсатилди.
Ёшлар жамоаси ҳам бу хонадонда бўлиб, отахонга иззат-икром кўрсатди. Тинчликни, Ватанни улуғловчи шеърлар айтилди.
[gallery-17332]
– Урушга кетганимда 19 ёшли навқирон ўғлон эдим, – дейди ўша машъум йилларни чуқур қайғу билан хотирлаб Ҳожимурод ота. – Аниқ эслайман, қаҳратон қиш эди ўшанда. Россиянинг Пенза ўлкасида сафдошларим билан жангга кирдим. Қонли жанггоҳларда олов кечиш биру изғириндан жон сақлаш бир бўлди. Чунки совуқ жон-жонимиздан ўтиб кетарди. Оллоҳга беҳисоб шукур, пешонамизда мана шундай ёруғ кунларни кўриш ҳам ёзилган экан. Бугун бениҳоя бахтлиман, биз уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган бундай эътибор ва эҳтиромдан бошим кўкка етди.
Маълумот учун: бугун вилоятда 7 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари