“Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун улкан ифтихор ва катта маъсулиятдир
Янги Ўзбекистонда Учинчи ренессанснинг пойдеворини мустаҳкам қуриш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ислоҳотлар жамият ҳаётидаги барча соҳаларни қамраб олганлигини бугунги кунда теран фикр эгалари ва ҳалқимиз ўз ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришлар натижаси ўлароқ ҳис этмоқдалар.
Умуман олганда тарихимизда юз берган биринчи ва иккинчи Ренессанслар, яъни Уйғониш даврини юзага келиш сабабларига эътибор қаратилса, бир қатор ислоҳотлар устувор аҳамият касб этганлигини гувоҳи бўламиз. Биринчидан, ўша даврда мамлакат тинчлиги ва барқарорлигини мустаҳкамлашга эришилган бўлса, иккинчида, таълим-тарбия ва илф-фан соҳаларини ривожлантиришга бирламчи вазифа сифатида катта эътибор қаратилиши бўлди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Учинчи ренессанс сари дадил қадамлар ташланаётган экан, бир қатор ислоҳотларни эътироф этиш лозим албатта. Сўнги йилларда Ўзбекистонда ҳам муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёев бошчилигида улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, мамлакат тинчлиги ва барқарорлигини таъминлаш орқали жамият ҳаётининг барча соҳаларида туб ўзгаришлар юз берди. Бундай ўзгаришлардан асосийси таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларида ҳам кузатиш мумкин. Хусусан, фалажланган мактабгача таълим тизими оёққа турғазилди ва бу соҳа бугунга келиб замон билан ҳамнафас ривожланишга юз тутди. Умумий ўрта таълим тизимида ёшларга ўрта таълим бериш билан бир қаторда касб-ҳунарга ўргатиш йўлга қўйилди. Бундан ташқари иҳтисослаштирилган таълим муассасалари, Президент мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. Касб-ҳунар таълим тизимида Профессионал таълим муассасалари вужудга келди. Олий таълим муассасалари халқаро меъёрларга интеграциялашув бошланди. Ёшларни олий таълим муассасаларига қамраб олиш борасида ҳам салмоқли натижалар қўлга киритилди. Хусусий таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйишга кенг имкониятлар яратиб берилди. Таълим муассасаларида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларнинг ҳар томонлама моддий қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда ва бу ишлар давом эттирилмоқда.
Жамиятда педагогларнинг ўрни ва нуфузини оширишга, уларга муносиб яшаш ва меҳнат шароитларини яратиб беришга давлатимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Фикримиз исботи сифатида 2024 йил 1 феврал куни 21 моддадан иборат бўлган Ўзбекистон Республикасининг “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинишини келтиришимиз мумкин. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши айнан мамлакатда юз бераётган ўзгаришларга ҳамоҳан тарзида бўлди.
Қонунда келтирилган моддаларга эътибор қаратсак, педагогларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланганлигининг гувоҳи бўламиз. Масалан, “Педагогнинг мақоми” деб номланган 3-моддасининг учинчи хат бошида “Педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлади” деб таъкидланган. Эндиликда педагоглар давлат ва қонун ҳимоясида эканлигини билиш мумкин. Ўзбекистонда педагогларга қаратилаётган бундай эътибор бежиз эмас албатта. Чунки, Ватанимиз равнақи, ривожланган давлатлар орасида муносиб ўрин эгаллашига ҳизмат қиладиган баркамол, рақобатбардош мутахассис кадрларни педагоглар тайёрлайди.
Қонунинг 5-моддасида педагогнинг касбий фаолиятини юритишга бир қатор кўринишларда аралашиш тақиқланган. Жумладан, “педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан ҳудудларни ободонлаштириш ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш” тақиқланган. Шу ўринда яқин тарихимизга назар ташласак. Мустақилликдан олдинги даврда шаклланган ва мустақиллик йилларида ҳам давом этган ўқувчи ва талабалар, ўқитувчи-педагогларнинг қишлоқ хўжалик ишларига, хусусан пахта йиғим-теримига кенг жалб этиб келинди. Ўқитувчилар ёшлар таълим-тарбиясига, таълим сифатига жавобгар эмас, аксинча қишлоқ ҳужалиги ёки бўлмасам ободонлаштириш ишларининг сифатига жавобгар этиб қўйилди. Бу ҳолат таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиб, белгиланган дарс соатларининг тўлиқ ўтилмаслигига, ўқув амалиётларнинг қисқаришига сабаб бўлди. 2017 йилга келиб мухтарам Президендимиз Ш. Мирзиёевнинг ташаббуси билан ўқувчи ва талабаларни ҳамда педагог ходимларни турли ҳил қишлоқ хўжалик ишларига жалб этиш амалиётига қаътий чек қўйилди. Бугунги кунга келиб эса бунинг ҳуқуқий асоси яратилиб, қонун ҳимоясига олинди. Бундан ташқари педагогдан унинг касбий мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни, шу жумладан аҳолининг солиқлар, коммунал тўловлар, кредитлар ва бошқа қарздорлиги тўғрисидаги маълумотларни, битирувчиларнинг бандлиги таъминлагналиги ҳақидаги ҳисоботларни шакллантиришини ва тақдим этишини талаб қилиш ҳам тақиқланди.
Ушбу қонун билан педагоглар ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳам белгиланди. Бундан ташқари педагогика этика қоидалари, педагогларни тайёрлаш, педагогларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, педагогларни аттестация ва малака тоифалари, педагогнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, педагогларни рағбатлантириш бўйича моддалар киритилган бўлиб, ушбу моддаларда аниқ масалалар ўз ифодасини топган. Қонунда педагогларни ижтимоий ҳимоясига катта эътибор қаратилган. Жумладан, Педагогларни ижтимоий ҳимоя қилиш деб номланган 14-моддаси қуйдаги сўзлар билан бошланади - “Таълим ташкилотларининг педагогларини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат томонидан кафолатланади”. Шундан ҳам кўриш мумкинки, ушбу қонун ҳалқчил бўлиб, педагогларнинг фаолиятини тартибга солиш, уларнинг қадр-қимматини юқорига кўтариш ҳамда ижтимоий ҳимояси катта эътибор қаратилган. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши ва унинг тарихий аҳамияти ҳам шундаки, эндиликда педагогнинг шаъни, қадир-қиммати давлат ва қонун ҳимоясидадир. Бу ўз навбатида педагог касбида фаолият юритаётган ҳамюртларимизга улкан ифтиҳор бериш билан бирган ёшларга таълим-тарбия бериш, уларни мустақил фикрга эга, ватан равнақига муносиб ҳисса қўшадиган етук мутахассис-кадрлар бўлиб етишишларида улкан маъсулият ҳам юклайди.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети
“Ўзбекистон тарихи” кафедраси мудири
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент
Хошимов Ўткиржон Қўшмирзаевич