Пайариқда газ нархлари устидан назорат кучайтирилди
Самарқанд вилояти Пайариқ туманида фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосида автомобилларга сиқилган газ тўлдириш шохобчаларидаги нархлар юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Мурожаатларда айни туманда газ нархлари қўшни ҳудудларга нисбатан асоссиз равишда юқори экани таъкидланган.
Ўрганиш доирасида Пайариқ ва унга туташ туманларда жойлашган АСГТШларда сиқилган газ нархлари бўйича мониторинг ва истеъмолчилар ўртасида сўровнома ўтказилди. Натижада, туманда фаолият юритаётган 12 та АСГТШдан 11 тасида жорий йилнинг 5 январидан бошлаб 1 м³ сиқилган газ нархи бир вақтда ўртача 300 сўмга оширилгани аниқланди.
Мазкур шохобчалар 8 та хўжалик юритувчи субъект — “Темур-Бек”, “Садаф Агро Сервис”, “Рақобат Эко Газ Сервис”, “Жахонгир Престиж”, “Худойберди Рамзиддин Автогаз”, “Амирхон Газ Сервис”, “Ал-Асадбек Газ Петрол Инвест” ва “Бахрин Газ Оил” МЧЖлар тасарруфида экани маълум бўлди.
Қўшни туманларда эса шу даврда газ нархлари ўртача бозор кўрсаткичлари доирасида сақланиб қолган. Бу ҳолат эса Пайариқдаги айрим субъектлар томонидан нархларни сунъий равишда ошириш эҳтимолини кўрсатган.
Аниқланган ҳолатлар асосида ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан ушбу субъектларга нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддаси талаблари – рақобатга қарши мувофиқлаштирилган ҳаракатлар содир этилгани юзасидан иш қўзғатилди. Кўриб чиқиш якунларига кўра, қонунбузарларга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарималар қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА