«Пахтакор» пешқадамга айланган тур якунланди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 23-тур учрашувлари доирасида ОКМК ва «Навбаҳор» баҳсида дуранг қайд этилган бўлса, «Локомотив» сафарда «Сўғдиёна»дан устун келди.
Олмалиқдаги ОКМК спорт мажмуасида ўтказилган баҳсда мезбонлар Аҳмадулло Муқумжоновнинг 2-дақиқада киритган голи эвазига ҳисобни очди. 40-дақиқада Ислом Маматказин мувозанатни тиклади.
Иккинчи бўлимда Нодир Абдураззоқов 68-дақиқада ОКМКни яна олдинга олиб чиқди. Бироқ учрашувнинг қўшимча вақтида белгиланган пенальтини 90+14-дақиқада Шоҳруҳ Абдураҳмонов аниқ амалга ошириб, «Навбаҳор»га дурангни тақдим этди.
Турнинг яна бир учрашувида «Локомотив» Зоминда «Сўғдиёна»ни 3:2 ҳисобида мағлуб этди. 29-дақиқада Беҳруз Асқаров мезбонларни олдинга олиб чиққан бўлса, орадан беш дақиқа ўтиб, Темурхўжа Абдухолиқов ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлимнинг 48-дақиқасида Сардор Мирзаев «Локомотив»ни олдинга олиб чиқди. 68-дақиқада Люпчо Дориев ҳисобни яна тенглаштирди. Бироқ 81-дақиқада Сардор Мирзаевнинг узатмасидан кейин Шодиёр Шодибоев ғалаба голини киритди.

Турнинг аввалги учрашувларида «Нефтчи» ва «Хоразм» 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган бўлса, «Пахтакор» Тошкент дербисида «Бунёдкор»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу натижалардан сўнг «Пахтакор» очколари сонини 52 тага етказиб, турнир жадвалида пешқадамга айланди. Худди шунча очко тўплаган «Нефтчи» ўзаро учрашувлардаги натижаларга кўра иккинчи ўринда қолди. «Навбаҳор» 45 очко билан кучли учликни якунлади.
«Локомотив» 38 очко билан тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. «Насаф» ва «Бухоро» 37 очкодан жамғарган ҳолда бешинчи ва олтинчи поғоналардан жой олган. ОКМК 36 очко билан еттинчи ўринда бормоқда.
«Динамо», «Андижон» ва «Қизилқум» ҳисобида 30 очкодан бор. Улар тўплар нисбатига кўра саккизинчи, тўққизинчи ва ўнинчи ўринларни банд этган. «Сўғдиёна» 28 очко билан 11-ўринда, «Сурхон» эса 27 очко билан 12-поғонада жойлашган.
«Қўқон-1912» 23 очко билан 13-ўринда бормоқда. «Бунёдкор» ва «Хоразм» 22 очкодан тўплаган бўлиб, 14- ва 15-ўринларни эгаллаган. «Машъал» эса 4 очко билан турнир жадвалининг сўнгги поғонасидан жой олган.
Суперлиганинг энг яхши тўпурарлари рўйхатида «Сўғдиёна» вакили Люпчо Дориев 15 та гол билан пешқадамлик қилмоқда. «Нефтчи» ҳужумчиси Стипе Перича 13 та гол билан иккинчи, «Локомотив» аъзоси Темурхўжа Абдухолиқов эса 12 та гол билан учинчи ўринда бормоқда. «Бухоро» вакили Шерзод Эсанов 10 та гол урган. Анваржон Ҳожимирзаев («Динамо»), Достонбек Ҳамдамов ва Стефен Чинеду («Пахтакор»), Бобур Абдухолиқов («Насаф») ҳисобида 9 тадан гол бор. Ҳусайн Норчаев («Навбаҳор») эса 8 та гол муаллифи бўлган.

Суперлиганинг 24-тур учрашувлари 15–17 октябрь кунлари ўтказилади. 15 октябрь куни «Андижон» — «Қизилқум» ва «Машъал» — ОКМК баҳслари соат 19:00 да бошланади. 16 октябрь куни ҳам шу вақтда «Бунёдкор» — «Сўғдиёна», «Қўқон-1912» — «Нефтчи» ва «Сурхон» — «Хоразм» учрашувлари ўтказилади.
17 октябрь куни соат 18:00 да «Локомотив» — «Насаф» баҳси бошланади. Шу куни соат 19:00 да эса «Динамо» — «Бухоро» ҳамда «Навбаҳор» — «Пахтакор» учрашувлари бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА