Пахтачи туманининг сув таъминоти оғир бўлган "Қиргули" МФЙ ҳудудидаги 28,6 гектар ер майдонида писта ва бодомзор плантацияси ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Самарқанд вилояти ҳудудларини комплекс ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2026-2027 йиллар давомида Каттақўрғон, Нарпай ва Пахтачи туманларида аҳоли томорқаси ва ижара ер майдонларидан самарали фойдаланиш учун деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан мавжуд молиявий инструментлар доирасида ҳар бир туман учун 10 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади.
Ушбу маблағлар ҳисобидан самарасиз эски боғларни реконструкция қилиш, янгиларини барпо этиш ҳамда сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларда томорқа ва ижара ер майдонларини суғориш учун тик қудуқларни бурғилаш ва қуёш панелларини ўрнатиш ҳамда бошқа лойиҳалар молиялаштирилади.
Пахтачи туманининг сув таъминоти оғир бўлган "Қиргули" МФЙ ҳудудидаги 28,6 гектар ер майдонида томчилатиб суғориш тизими асосида писта ва бодомзор плантацияси ташкил этилади. Бу ишга маҳаллий аҳоли жалб этилади.
2026-2028 йилларда:
а) 300 гектар ер майдонида "in-vitro" кўчатларидан узумзор, 800 гектар ер майдонида интенсив токзор ташкил этилади ва 3,5 минг гектар ер майдонида, шу жумладан, Қўшработ туманининг 5 та маҳалласида аҳоли учун қулай ва енгил шартлар асосида узумзорни тиргакка (шпалерга) кўтариш орқали ҳосилдорлик 2 баробарга оширилади;
б) Камбағалликни қиқсқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда Қўшработ туманининг 18 та маҳалласидаги 1,2 мингта хонадонни узумчиликка ўргатиш ва уларнинг 500 гектар ер майдонларида, шу жумладан, томорқаларида узум етиштириш учун кўчатлар етказиб берилади;
в) вилоятдаги майиз экспорти 15 миллион АҚШ долларига етказилади.
Ўрмон ва яшил ҳудудларни купайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 2026-2027 йиллар давомида Қўшработ туманининг "Оқчопсой" МФЙ ҳудудидаги ўрмон фонди таркибидаги 700 гектар ер майдонида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ажратилган ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан томчилатиб суғориш тизимини жорий қилган ҳолда пистазор ва бодомзорлар ташкил этилади.
2026-2027 йилларда Қўшработ туманининг оғир тоифадаги "Жомбулоқ", "Қўрған", "Қўшработ", "Кувкалла", "Чорлоқ", "Бозоржой" ва "Қоратош" МФЙларининг инфратузилмасини яхшилаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги ПҚ-49-сон қарорига асосан ҳар бир оғир тоифадаги маҳалланинг "ислоҳот дастури"ни молиялаштириш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:
а) 22,3 км йўллар қурилади, электр таъминотини яхшилаш учун 32 та трансформатор, 108,3 км тармоқ тортилади ва 2 963 та таянч устунлар ўрнатилади ҳамда 1 дона суғориш тизимига тик қудуқ қазилади;
б) 87 та тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш орқали 585 нафар аҳоли иш билан таъминланади ва даромадлари оширилади.
Тажриба тариқасида Булунғур, Нарпай, Пайариқ, Пастдарғом, Тойлоқ, Ургут ва Қўшработ туманларининг 100 та хонадонида кооперация шартномаси асосида енгил конструкцияли биноларда парранда боқишни ташкил этиш учун Янги иш ўринларини ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармалари маблағлари ҳисобидан 3 йил муддатга Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан тавсия қилинган етакчи тадбиркорларга босқичма-босқич 30 миллиард сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги контрактация шартномалари асосида аҳоли хонадонларида биноларни жиҳозлаш ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан наслли жўжаларни етказиб бериш ва жўжалар етилгандан сўнг уларни сотиб олишни ташкил этишга масъул ҳисобланади.
ЎзА