Пахта йиғим-терими авжида
Сурхондарё вилояти пахтакорлари кузнинг илиқ кунларидан унумли фойдаланиб, ҳосилни тез ва сифатли йиғиб олишга интилмоқда. Шу мақсадда замонавий пахта териш машиналари кучидан ҳам оқилона фойдаланилаётир.
Ангор туманида 30 га яқин фермер хўжалиги мавжуд майдонларнинг 3 минг 363 гектарида маҳаллий навли, 1 минг 87 гектарида хорижий ва 410 гектарида ингичка толали пахта етиштирди. Мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш учун 57 та отряд ташкил этилиб, теримчиларга барча шароит яратилди. Шунингдек, пахта далаларида ўндан ортиқ терим машинаси ёрдамида ҳосил тез, сифатли йиғиб олинмоқда.
Тумандаги “Ўктамбек Суннатбек” фермер хўжалиги деҳқонлари 80 гектар майдонда ғўза парваришлади. Унинг 34 гектарида Шинжон усулида пахта етиштирилди.

– Пахтачилик учун ёз фасли ўта иссиқ келган йилда деҳқонларимиз ғўзани синалган агротехник тадбирлар асосида парваришлаб, мўл ҳосил тўплади, – дейди “Ўктамбек Суннатбек” фермер хўжалиги раҳбари Собир Тўранов. Ҳар куни далада иккита замонавий пахта териш машинаси ишламоқда. Кунига терим агрегатлари ёрдамида ўртача 60 тоннадан ҳосил йиғиб олинаётир. Яқин кунларда теримни якунлаб, келгуси йил ҳосили учун тайёргарликни бошлаймиз.

Жорий йил ҳосили учун жанубдаги вилоятда 1 минг 850 фермер хўжалиги 62 минг 850 гектар майдонда ғўза парваришлаб, салмоқли ҳосил тўплади. Пахта майдонларининг 31 минг 645 гектарида маҳаллий, 4 минг 500 гектарига ингичка толали ва 31 минг 205 гектарига хорижий навли пахта етиштирилди. Воҳа пахтакорлари мавсумда 320 минг тоннадан ортиқ сифатли хом ашё йиғиштириб олишни мўлжалламоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири