Юртимизда бўлиб ўтадиган парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловларини кузатиш мақсадида турли халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар кузатувчилари ўз миссиясини бошлаб юборган.
Ўзбекистон “Адолат“ СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудова МДҲ Бош котиби ўринбосари Денис Трефилов ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси миссия штаби раҳбари Евгений Козяк билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Робахон Маҳмудова хорижий кузатувчиларга бўлажак сайловларда муносиб иштирок этиш мақсадида партия томонидан амалга оширилган ишлар, жумладан, партиянинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларни шакллантириш жараёнлари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, айни пайтда қизғин паллага кирган сайловолди ташвиқоти даврида партия ва номзодларнинг иштирокига тўхталди.
Бу йил илк бор аралаш сайлов тизими асосида ўтказилаётган сайловларга партиянинг қизғин тайёргарлик кўраётгани меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди. Шунингдек, делегация вакиллари сайловлар бўйича кузатув олиб бориш тартибига тўхталиб, ўзларини қизиқтирган саволларга партия етакчисидан жавоб олди.
Учрашув самимий ва конструктив руҳда ўтди.
М.Комилова, ЎзА