Партиянинг депутатлик гуруҳлари фаоллиги янада ортади
Мамлакатимизда ўтказилаётган “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси Андижон вилояти кенгаши ҳамда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида Андижонда “Маҳаллий кенгашлар ва сиёсий партиялар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Мазкур семинарда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги ЎзЛиДеП партия гуруҳлари раҳбарлари, вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашлари масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинарда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларида ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳларининг ташаббускорлигини ошириш, сайловолди дастури ижросини таъминлаш, сайловчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кенгаш котибиятлари билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, вакиллик органлари ва сиёсий партиялар ҳамкорлигини кучайтириш, депутатлик гуруҳлари фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.

ЎзЛиДеП Андижон вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари – аппарат раҳбари Ҳожимуҳаммад Ҳасанов маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан жойлардаги муаммоларни ўрганиш, ҳал этиш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ҳудудларда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган тизимли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидланди.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят бўлинмаси раҳбари Фарҳодбек Отахонов партия депутатлик гуруҳлари фаолияти самарадорлиги ҳамда уларнинг олдида турган устувор вазифалар ҳақида гапирди.
Семинарда ЎзЛиДеПнинг вилоят вакиллик органларидаги мустаҳкам ўрни ва сиёсий салоҳияти алоҳида эътироф этилди. Жумладан, Андижон вилоятидаги халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларида ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳлари шаклланган бўлиб, уларнинг таркибига кирган 146 нафар депутат самарали фаолият олиб бораётгани қайд этилди.

Мутахассислар томонидан замонавий медиа маконда партия фаолиятининг очиқлиги ва фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқот даражаси юқори баҳоланди. Вилоятда фаолият кўрсатаётган сиёсий партияларнинг расмий Telegram каналлари кўрсаткичлари таҳлилига кўра, ЎзЛиДеП вилоят кенгаши ресурси 1,3 мингдан ортиқ фаол кузатувчига эга экани, бизнес ташаббуслари, қонунчилик тарғиботи ҳамда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш жараёнларини тезкор ва таъсирчан ёритиб борилаётгани маълум бўлди.
Шунингдек, партиянинг амалий ташаббуслари сифатида вилоятда “Халқ билан бирга!” умуммиллий дастури амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, аҳоли ва бизнес вакилларини қийнаётган масалаларни ҳал этиш юзасидан тизимли комплекс мониторинглар ўтказилиб, имтиёзли кредитлар ажратиш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ таклифлар шакллантирилмоқда, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида Андижон шаҳридаги “Ёшлар технопарки”да сунъий интеллект йўналишида амалий семинар ҳамда ўқув курси ташкил этилганлиги, курсга 60 нафардан зиёд йигит-қиз қамраб олинганлиги айтиб ўтилди.

Партиянинг яна бир муҳим ютуғи – маҳаллий кенгашлар сессияларда қатъий депутатлик назорати йўлга қўйилган. ЎзЛиДеП депутатлари сессия муҳокамаларида коррупцияга қарши муросасиз курашиш, мансабдор шахслар ҳисобдорлигини таъминлаш, маҳаллий бюджет даромадларининг шаклланиши ҳамда давлат дастурларининг манзилли ижроси устидан таъсирчан назорат олиб бормоқда.
Семинар якунида партия депутатлик гуруҳларининг назорат фаолиятини янада кучайтириш механизмлари, жумладан, сессиялар кун тартибини шакллантиришда партия томонидан тайёрланган долзарб масалалар ва дастурий ташаббуслар пакетини илгари суриш, кенгашлар қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда партия ташаббуслари улушини ошириш ҳамда депутатлик сўровлари натижаларини матбуотда кенг ёритиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири