Парламентлараро муносабатларни янада ривожлантириш истиқболлари белгиланди
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати ўртасидаги ҳамкорлик бўйича комиссиянинг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева ҳамда Қозоғистон Парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев иштирокида ўтказилган мажлисда икки давлат раҳбарларининг очиқ, ўзаро ишончга асосланган мулоқоти ва мустаҳкам сиёсий иродаси туфайли кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик тамойиллари асосида ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Жумладан, Танзила Норбоева Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, шунингдек, стратегик шерикликни чуқурлаштиришда парламентлараро алоқаларнинг аҳамияти катта эканини таъкидлади. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари бугунги кунда аниқ амалий натижалар билан бойиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
Қозоғистон Сенати Спикери Маулен Ашимбаев давлат раҳбарлари Қосим-Жомарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёев икки томонлама ҳамкорликка юқори суръат бағишлаётганини таъкидлади. Бу жараёнда парламентлараро ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади.
Комиссия фаолияти доирасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, Орол денгизи муаммоларини ҳал этиш, Оролбўйи экотизимини муҳофаза қилиш, шунингдек, илм-фан ва экология соҳасидаги таълим лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, қўшма лойиҳаларни янада кенгайтириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Йиғилишда ўзаро ҳамкорлик бўйича комиссиянинг ҳамраислари – Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва Қозоғистон Парламенти Сенати раисининг ўринбосари Жакип Асанов Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, стратегик шерикликни ривожлантиришда парламентлараро алоқаларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий, “яшил” иқтисодиёт, энергетика, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Парламентлараро ҳамкорлик олий даражада эришилган келишувларни қонунчилик жиҳатидан таъминлашда ва улар ўз вақтида ижро этилишида муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
[gallery-28681]
– Давлатларимиз ўртасидаги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик алоқалари бугун жадал ривожланиб бормоқда, – дейди Қозоғистон Парламенти Сенати аъзоси Зокиржон Қўзиев. – Ўтган ҳафта қуйи палатамиз вакиллари Ўзбекистонга келиб, муҳим масалаларни Қонунчилик палатаси депутатлари билан муҳокама қилганди. Бугун биз – сенаторлар ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан муносабатларимизнинг янги истиқболларини белгилаб оляпмиз. Самарқандга Қозоғистондан Сенат аъзолари билан бирга илм-фан, маданият ва санъат намоёндалари, таниқли ижодкорлар ҳам ташриф буюрган ва улар иштирокида бугун қадимий шаҳарда ўзбек-қозоқ илмий-ижодий зиёлиларининг иккинчи форуми ўтказилади. Албатта, яқин қўшни, қардош давлатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиши қозоқ ва ўзбек халқларининг фаровонлигига хизмат қилади.
Йиғилишда комиссиянинг аввалги мажлисларида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни юзасидан ахборот берилди.
Муҳокамалар якунида томонлар эришилган келишувларни қайд этиб, парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари