Парламентлараро дипломатия имкониятларидан самарали фойдаланилади
Хива шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгаши ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиясининг учинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни парламентлараро мулоқот орқали янада ривожлантириш, олий даражада эришилган келишувларнинг ижросини таъминлашда парламентларнинг ролини кучайтириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Комиссиянинг 2025 йилда Витебск шаҳрида ўтказилган биринчи мажлисида ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгиланган. 2026 йил январь ойидаги иккинчи мажлисда эса олий даражадаги келишувларнинг ижроси, савдо-иқтисодий ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.

Хива шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро комиссиянинг учинчи мажлисида ушбу ишларнинг давоми сифатида мавжуд келишувларни аниқ лойиҳалар билан тўлдириш ва парламентлараро ҳамкорликнинг амалий самарадорлигини оширишга эътибор қаратилди.
Жорий йил 8 - 9 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларация имзоланган. Икки мамлакат ўртасида 2026 - 2030 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси қабул қилинган.
Мажлисда мазкур ҳужжатларда белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда парламентлараро дипломатия имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди. Шу мақсадда парламент қўмиталари ва ҳамкорлик гуруҳлари ўртасида алоқаларни фаоллаштириш, қонунчилик соҳасида тажриба алмашиш ҳамда икки томонлама ҳамкорлик учун зарур ҳуқуқий базани такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

Савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳам муҳокаманинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш мақсадидан келиб чиқиб, инвестициявий ва кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника ва бошқа устувор тармоқларда қўшма лойиҳаларни кўпайтириш, ҳудудлараро ҳамкорликни кучайтириш бўйича ҳам фикр алмашилди.
Бундан ташқари, мажлис давомида туризм, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама алоқаларни ривожлантириш, қўшма бизнес-форумлар ва янги лойиҳаларни кўпайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Парламентлараро комиссиянинг мунтазам фаолиятини давом эттириш ва уни Ўзбекистон - Беларусь стратегик шериклигини янги амалий лойиҳалар билан бойитишга хизмат қиладиган самарали механизм сифатида ривожлантиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА