Парламент фаолияти ривожида Ўзбекистон ва Германия тажрибаси муҳокама қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Парламент фаолиятида шаффофлик, рақамлаштириш ва фуқароларнинг иштироки: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман парламент фаолиятини модернизация қилиш, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги босқичларини муҳокама қилиш ҳамда парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов, Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий дастури раҳбари Андре Алгермиссен кириш сўзи билан очар экан, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар фаоллашаётгани, сиёсий мулоқот, иқтисодий ҳамкорлик, “яшил” технологиялар, таълим, профессионал тайёргарлик ва парламентлараро алоқалар изчил ривожланиб бораётганини қайд этиб ўтди.
Тадбирда ҳар икки мамлакат парламентлари аъзолари парламент фаолиятини рақамлаштириш, қонун ижодкорлигида фуқаролар иштирокини кенгайтириш ва парламент дипломатиясини ривожлантириш бўйича ўзаро фикр алмашди, тажрибаларини улашишди.

Давра суҳбатида рақамли трансформация, сунъий интеллект технологиялари ва замонавий ахборот платформаларини парламент фаолиятига кенг жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди. Бу борадаги маърузаларда қонунчилик жараёнининг самарадорлиги, очиқлиги ва тезкорлигини таъминлашда сунъий интеллект имкониятларининг ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз борди. Муҳокамаларда амалий таклифлар билдирилди.
Шунингдек, тадбир давомида иштирокчилар Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, тажриба алмашинувини давом эттириш ҳамда парламент дипломатиясини мустаҳкамлаш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди.
М.Комилова,
ЎзА