Самарқанд давлат тиббиёт университети қошидаги Нейрохирургия ва нейрореаблитация ихтисослаштирилган илмий-амалий марказида илк бор паркинсон касаллигини хирургик йўл билан даволаш йўлга қўйилди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, паркинсон касаллиги ҳозирги замон нейрохирургия ва неврологиясининг энг долзарб муаммоларидан бири бўлиб, дунёда ҳар 1000 кишидан 1-3 нафарида кузатилади.

Мамлакатимизда шу пайтгача ушбу хасталикка чалинган беморлар фақат консерватив йўл билан даволанган, жарроҳлиқ амалиёти бажарилмаган. Нейрохирургия ва нейрореаблитация ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази шифокорлари эса туркиялик ҳамкасблари билан бирга юртимиз тиббиётида илк бор жарроҳлик йўли билан паркинсон касаллигини даволашга эришди. Улар беш йилдан буён ушбу касаллик билан оғриб келаётган 63 ёшли беморнинг бош миясига “чип” ўрнатиш орқали уни касалликдан фориғ этди.

– Марказимизда функционал ва стеротаксик хирургия гуруҳи ташкил этилиб, улар бир қатор хориж давлатларида тажриба ва малака ошириб келди, – дейди Нейрохирургия ва нейрореаблитация ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази раҳбари Мансур Алиев. – Мазкур гуруҳ томонидан илк бор миянинг чуқур симуляцияси операцияси муваффақиятли амалга оширилди. Келгусида бу турдаги жарроҳлик амалиётларини мунтазам йўлга қўйишни режалаштирганмиз.
Марказ мутахассислари билан бирга жарроҳлик амалиётида қатнашган туркиялик шифокор Саид Ўзтурк бундай ноёб операциялар дунёнинг барча давлатларида ҳам ўтказилмаслигини қайд этиб, бу мамлакатимиз тиббиётидаги ўзгаришлар, тиббий муассасаларнинг замонавий жиҳоз ва ускуналар билан таъминлангани ҳамда малакали мутахассислар кўпайиб бораётгани самараси эканлигини таъкидлади.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири