Иккинчи бор ташкил этилган “Узум сайли” ва халқаро виночилик фестивалида иштирок этиш истагида бўлган юртимиз ва хорижий меҳмонлар Тошкент вилоятининг сўлим гўшаларидан бири бўлган Паркентга ошиққан бўлса ажаб эмас.
Фестивалдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини намойиш этиш, миллий маҳсулотимиз брендини жаҳон бозорида муносиб ўринга эга бўлишини таъминлаш, қадимий узумчилик ва виночилик тажрибаси ҳамда боғдорчилик маҳсулотларининг ноёб тур ва навларини кенг оммалаштиришдан иборат.
– Бу фестивалда илк бор қатнашмоқдамиз, – дейди Фарғона вилояти Риштон туманидан келган боғбон Рустам Тошпўлатов. – Токзорларимизда етиштирилаётган 10 турга яқин узум навларини олиб келдик. Маҳсулотларимизга қизиш катта. Хорижлик инвесторлар, маҳаллий вино ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар томонидан ўзаро ҳамкорлик доирасида шартномалар имзолашни режалаштирганмиз. Шу пайтгача Россия Федерациясига узум экспорт қилиб келамиз. Эндиликда Тошкент вилояти боғбонларининг тажрибаларини ҳам ўрганиб, маҳсулот экспорти қамровини кенгайтириш ниятидамиз.
[gallery-18867]
Фестиваль доирасида бир қатор халқаро илмий-амалий конференциялар, бизнес-семинарлар, хорижий ва маҳаллий етакчи мутахассисларнинг маҳорат дарслари ҳам бўлмоқда. Хусусан, “Ўзбекистонда узумчилик: инновацион ёндашув ва агротехнологияларни қўллашнинг замонавий усуллари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ҳам ўз ишини бошлади. Унда кўплаб хориж давлатларидан келган мутахассислар томонидан туризм, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида тақдимотлар ўтказилмоқда.
Хусусан, “Ўзбекистонда қишлоқ туризмини ривожлантириш”, “Озиқ-овқат хавфсизлиги агротуризмни ривожлантиришнинг муҳим омиллари”, “Ўзбек виноси халқаро бозорларга қандай чиқиши мумкин?”, “Халқаро стандартларга мувофиқ эн-гастрономик туризмни ривожлантириш” ва “Глобал вино бозори: яқин келажак учун 7 та тенденция” каби мавзуларда муҳим ахборотлар иштирокчилар диққатида бўлмоқда. Шу билан бирга, меҳмонлар учун винолар дегустацияси ва аукционлар ҳам режалаштирилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/dzWirox66us" title="Parkentda “Uzum sayli” va xalqaro vinochilik festivali boshlanmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Фестивалда Италия виночилик уюшмаси раҳбари Леонардо Коммучи, “Марчеси Фресcобалди” Инновация ва виночилик бозори маданияти компанияси вакили Симоне Фаббри, шунингдек, Сербия, Россия, Корея, Сингапур, Беларус, Грузия, Озарбайжон каби 30 дан зиёд давлатлардан олимлар, экспертлар ва соҳанинг йирик намоёндалари ўз қарашлари ва мулоҳазалари билан ўртоқлашмоқда. Шунингдек, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналаридан ҳам вакиллар иштирок этмоқда.
– Ўтган йил фестивалга 100 мингдан ортиқ маҳаллий ҳамда мингдан зиёд хорижий сайёҳлар ташриф буюрган, – дейди Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Жамшид Бобожонов. – Бу йилги фестивалга 150 минг нафарга яқин маҳаллий ҳамда 3 мингга яқин хорижий сайёҳлар келиши кутилган. Тадбирлар давомида танлов ташкил этиш баробарида учта ўрин соҳиблари учун пул мукофоти, 10 та номинация эгалари эса икки камерали музлатгич билан тақдирланиши кўзда тутилган. Фестивалнинг бизнес зонасида тақдимотлар, музокаралар қизғин тус олган.
Бундан ташқари, фольклор жамоалари, санъаткорларнинг чиқишлари, халқ урф-одатлари ва анъаналарини акс эттирувчи кенг кўламли маданий дастурлар ҳам ташкил этилмоқда.
А.Мусаев, А.Алижонов(сурат),ЎзА