Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бокс бўйича "Париж-2024" Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи турнир ўтказилди. Унда терма жамоамиз аъзоси Навбаҳор Ҳамидова муваффақиятли иштирок этди.
Мусобақанинг 66 килограммгача вазн тоифасидаги беллашувларда Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун курашган Навбаҳор Ҳамидова чорак финалда сербиялик Кристина Кулуховага қарши рингга кўтарилди ва 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу ғалаба унга "Париж-2024" лицензиясини тақдим этди.
Мазкур йўлланмадан сўнг, Ўзбекистон делегациясининг "Париж-2024" ёзги Олимпия ўйинлари учун жамғараётган йўлланмалари сони 50 тага етди. Ушбу йўлланмалар 17 та спорт тури кесимига тўғри келади. Шунингдек, лицензион цикл давом этмоқда. Ҳали олдинда ҳамюртларимиз дзюдо, енгил атлетика, камондан отиш, ўқ отиш спорти, сузиш каби йўналишларда йўлланмаларга эга чиқиши кутилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА