2024 йили Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида барча спорт турлари бўйича лицензиялар тақсимоти эълон қилинди.
Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) расмий сайтининг хабар беришича, спортнинг айрим турлари бўйича иштирокчилар сони Токио Олимпиадасига нисбатан камайган. Сув спорт турлари, енгил атлетика, бокс, каноэда эшкак эшиш, велоспорт, гимнастика, дзюдо, эшкак эшиш, парус спорти, ўқ отиш, оғир атлетика шулар жумласидандир.
Скейтборд, скалолазание (тоққа чиқиш) ва серфинг бўйича лицензиялар сони кўпайтирилди. Бошқа спорт турларида ўзгаришлар бўлмади.
Шунингдек, Олимпиада тарихида биринчи марта Париж ўйинларида гендер тенглик таъминланди. 32 та спорт турининг ҳар бирида тенг миқдордаги эркак ва аёл спортчилар қатнашиши кўзда тутилган ва иштирокчилар сони ҳам шунга мувофиқ тақсимланган.
Халқаро олимпия қўмитаси томонидан 2024 йили Парижда ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинлари учун йўлланмалар сони спорт турлари бўйича қўйидаги тартибда белгиланди.
Сув спорт турларии – 1370 ( "Токио–2020" да 1410 нафар)
Камондан отиш – 128 (128)
Енгил атлетика – 1 810 (1 900)
Бадминтон – 172 (172)
Баскетбол – 40 (40)
Бокс – 248 (286)
Каноэ – 318 (328)
Велоспорт – 514 (528)
От спорти – 200 (200)
Қиличбозлик – 212 (212)
Футбол – 32 (32)
Голф – 120 (120)
Гимнастика – 318 (324)
Қўл тўпи – 24 (24)
Хоккей – 24 (24)
Дзюдо – 372 (386)
Замонавий бешкураш – 72 (72)
Эшкак эшиш – 502 (526)
Регби – 12 (12)
Парус спорти – 330 (350)
Ўқ отиш – 340 (360)
Стол тенниси – 172 (172)
Таэквондо – 128 (128)
Теннис – 172 (172)
Триатлон – 110 (110)
Волейбол – 72 (72)
Оғир атлетика – 120 (196)
Спорт курашлари – 288 (288)
Брек данс – 32
Скейтборд – 88 (80)
Скалолазание (тоққа чиқиш) – 68 (40)
Серфинг – 48 (40).
Кўриниб турганидек, "Париж – 2024" ўйинларига янги йўналишларнинг қўшилиши натижасида юқорида айтганимиздек, сув спорти турлари, енгил атлетика, бокс, каноэ, велоспорт, гимнастика, дзюдо, эшкак эшиш, парус спорти, ўқ отиш, оғир атлетикада йўлланмалар сони сезиларли тарзда камайган.
Бу эса бошқа давлатлар қатори мамлакатимиз олимпиячиларининг кўрсаткичларига, медаллар учун асосий даъвогарлик қиладиган спорт турларидаги кўзланган мақсадларнинг янада мураккаблик касб этишига олиб келмоқда.
Лекин шундай бўлса-да, юртимизнинг истеъдодли спортчилари "Париж –2024" йўлланмаларини қўлга киритиш ҳамда режадаги мақсадларга эришишда матонат ва иродаларини намойиш этишига ишоанмиз. Зотан, бу йўлда аниқ режа, тизимли тайёргарлик жараёнлари аллақачон бошлаб юборилган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Парижда ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари 2024 йилнинг 26 июль – 11 август кунлари ташкил этилади.
Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА