Парижда ўтиши кутилаётган ёзги Олимпия ўйинлари учун давлат сарфи уч миллиард еврони ташкил этиши тахмин қилинаётганди. Кутилмаганда, Франция ҳисоб палатаси раиси Пьер Московичи “France” телевидениеси дастури орқали чиқишида харажат тўрт ёки беш миллиард еврога кўтарилиши мумкинлигини айтди.
– Ҳали Олимпиада нархини билмаймиз, Ҳисоб палатаси ўйинлар якунлангач, жами давлат харажатини ҳисоблаб чиқади, – деди мулозим. – Тахминимизча, умумий сарф беш миллиард евро атрофида бўлиши кутиляпти. Айни вазият давлатнинг қарздорлигига жиддий таъсир кўрсатмайди.
Московичи аввалроқ Олимпия ўйинлари учун давлат томонидан ажратиладиган уч миллиард евро ҳақида гапириб, 2023 йил учун мўлжалланган бюджет ҳужжатида 2,44 миллиард евролик давлат инвестицияси кўрсатилганини ошкор қилганди. Бинобарин, жами харажатни ҳисоблаб бўлмаслиги эҳтимоли ҳам юқори.
Масалан, яқинда полиция ходимлари учун 1900 евро миқдорида бонус қўшилди. Шунинг ўзи ҳукумат сарфини 500 миллион евро ошириб юборди.
Т.Рўзиев, ЎзА