A.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети Тошкент филиалида "Кўникма" спорт фестивали бошланди. Ўзбекистон Спорт вазирлиги, Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Миллий Паралимпия қўмитаси ҳамда РФ етакчи ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирнинг очилишида вазир Адхам Икромов, агентлик директори ўринбосари Усмон Шарифхўжаев, ректор Сергей Тарасов ва бошқа ташкилотчилар сўзга чиқди.
Маросимда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Россиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси, РФ адаптив хоккей федерацияси, Давлат Думаси вакиллари, Герцен университети раҳбарияти, Миллий Паралимпия қўмитаси аъзолари, икки давлатнинг хизмат кўрсатган спорт усталари, мутахассис, мураббийлар, тадқиқотчилар ҳам иштирок этди.


Фестивалнинг бош мақсади — инклюзивлик ва инсонпарварлик тамойилини мустаҳкамлаш, паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш, барча тоифадаги фуқаролар учун тенг имкониятлар яратиш ҳамда кўникма спорти ва ижтимоий интеграция бўйича илғор тажриба алмашиш.



Мусулмон Зиё, ЎзА