Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида пара енгил атлетика бўйича ўтказилган жаҳон чемпионати ўз ниҳоясига етди. Унда дунёнинг 109 та мамлакатидан келган 1 минг 400 нафарга яқин паралимпиячилар иштирок этди.
Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон пара енгил атлетика терма жамоаси аъзолари ҳам муваффақиятли қатнашди. Жумладан, мусобақа давомида Ёқутхон Холбекова (T12) узунликка сакраш, Жасур Хўжаев (F32) ва Каромат Омонова (F46) ядро улоқтириш, Фахриддин Ҳамроев (T12) 400 метрга югуриш, Темурбек Гиязов (T64) баландликка сакраш баҳсларида олтин медалга сазовор бўлди.

Шунингдек, Бобур Омонов ва Кубаро Ҳакимова (F41), Мадина Мухторова (F40) ядро улоқтиришда, Шахина Йигиталиева (F46) ҳамда Ёрқинбек Одилов (F57) найза улоқтиришда кумуш медаль билан тақдирланди. Толиббой Йўлдошев (F37) ядро, Наврўза Аҳматова (F41) диск улоқтириш бўйича бронза медалини қўлга киритди.

Шу тариқа жаҳон чемпионатида пара атлетларимиз жами 12 та медаль — 5 та олтин, 5 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.

Эсатиб ўтамиз, ўтган йили Японияда ўтказилган дунё биринчилигида атлетларимиз 7 та олтин, 4 та кумуш ҳамда 2 та бронза медалига эга чиққан бўлса, 2023 йил Франция мезбонлик қилган жаҳон чемпионатида 6 та олтин, 7 та кумуш ва 4 та бронза медаль соҳибига айланган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА