Пандемия даврида дунёнинг саноқли давлатлари қатори Ўзбекистонда ҳам иқтисодий ўсиш қайд этилди
Унга кўра, Ўзбекистон ЯИМнинг реал ўсиши 2020 йилда 1,5 фоизни ва 2021 йилда эса 6,6 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Жаҳон банкининг жорий йил июнь ойида эълон қилган ҳисоботига кўра, Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиё минтақасида 2020 йилда иқтисодиёти ўсиши кутилаётган ягона мамлакат бўлиб қолмоқда. Унга кўра, Ўзбекистон ЯИМнинг реал ўсиши 2020 йилда 1,5 фоизни ва 2021 йилда эса 6,6 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Глобал пандемия жорий йилнинг март ойидан бошлаб дунё мамлакатлари иқтисодиётига, шу жумладан, бошқа Марказий Осиё давлатлари қатори Ўзбекистонга ҳам салбий таъсир кўрсата бошлади. Шу сабабдан, Ўзбекистонда мана шу таъсирларни камайтириш ва иқтисодий инқирозни юмшатишга қаратилган тезкор чоралар кўрилди. 20 га яқин фармон ва қарорлар имзоланди.
“Тараққиёт стратегияси” марказининг Иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича 2020 йилнинг 1 ярим йиллигида амалга оширилган ишлар ҳисоботида қайд этилишича, инқирознинг салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган иқтисодий чораларнинг дастлабки ва иккинчи тўпламлари жами қиймати 32,3 трлн. сўмдан ортиқни ташкил этган.
Жумладан, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилиб, мазкур маблағлар коронавирус инфекциясига қарши кураш учун йўналтирилди.
Жорий йилнинг июль ҳолатига мазкур жамғарманинг даромадлари 7,44 трлн. сўмдан ортиқни ташкил этди. Шундан, 7,32 трлн. сўм халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига, 123,5 млрд. сўм эса, давлат бюджети ҳисобидан шакллантирилиб, жами сарфланган харажатлар миқдори 6,4 трлн. сўмни ташкил этди.
Шу билан бирга, иқтисодий фаолликнинг сезиларли пасайиши Давлат бюджети барқарорлигига хавф туғдиришини инобатга олиб, Давлат бюджетининг 2020 йилдаги параметрларини мақбуллаштириш чоралари кўрилди. Муҳимлик даражасидан келиб чиққан ҳолда долзарб ҳисобланмаган лойиҳа ва харажатлар кейинги даврларга қолдирилди.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, иқтисодий фаолликни ошириш ва молиявий барқарорликни қўллаб-қувватлаш, иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш бўйича кенг кўламли чоралар кўрилди.
Жумладан, тадбиркорлик субъектларига карантин тадбирлари давомида солиқ имтиёзлари, кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш, жарималарни қўлламаслик чоралари кўрилди.
Натижада, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида, дунё бўйича саноқли давлатлар қаторида, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш қайд этилиб, бу кўрсаткич 0,2 фоизни ташкил этди.
Мазкур даврда, шунингдек, асосий тармоқлар, яъни саноат ишлаб чиқаришининг умумий ўсиш суръати бироз пасайиб 98,1 фоизни ташкил этган бўлса, қурилиш ишлари ҳажмида эса, аксинча, ўсиш қайд этилиб 107,3 фоизни, қишлоқ хўжалиги тармоғида ҳам 102,8 фоизни ташкил этган.