Пальма ёғи: сифат, хавфсизлик ва инновациялар
Пальма ёғи дунёда энг кўп ишлатиладиган ўсимлик ёғларидан бири бўлсада, унинг хавфсизлиги ва инсон саломатлигига таъсири ҳақида турли баҳслар ҳамон давом этмоқда.
Бироқ мутахассислар маҳсулотнинг сифати, ишлаб чиқариш технологияси ва тўғри қўлланилиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлайди. Ана шу долзарб масалаларни муҳокама қилиш, илмий асосланган ёндашувларни оммалаштириш ва халқаро тажриба алмашиш мақсадида Тошкентда “Food Safety & Innovation: Palm Oil Solutions for Central Asia” халқаро анжумани ўз ишини бошлади. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ўсимлик ёғлари ишлаб чиқарувчилар уюшмаси (APVO) ҳамда Малайзия Палма ёғи кенгаши (MPOC) ҳамкорлигида ташкил этилди.

Мазкур тадбир Марказий Осиёдаги энг йирик соҳавий халқаро майдонлардан бирига айланди. Илк бор Тошкентда Ўзбекистон, Малайзия, Хитой, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг ёғ-мой соҳаси уюшмалари раҳбарлари, давлат идоралари вакиллари, дипломатик корпус, илмий жамоатчилик ҳамда йирик компаниялар мутахассислари бир жойда жам бўлди.

Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ўсимлик ёғлари ишлаб чиқарувчилар уюшмаси раиси, техника фанлари доктори Ойбек Зуфаров иштирокчиларни қутлаб, соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва инновацион ечимларни жорий этишнинг аҳамиятига тўхталди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров, Малайзиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Рафида Абд Азиз, шунингдек, Тошкент кимё-технология институти ректори Ботир Шукруллаев иштирок этди.

Анжуман доирасида озиқ-овқат хавфсизлиги, пальма ёғидан самарали ва хавфсиз фойдаланиш, замонавий ишлаб чиқариш технологиялари, инновациялар ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги соҳавий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Қайд этилишича, бугунги кунда 150 дан ортиқ мамлакатда пальма ёғи истеъмол қилинади ва дунёда ишлаб чиқариладиган ўсимлик ёғларининг қарийб учдан бир қисмини ташкил этади. Шоколад, нон ва қандолат маҳсулотлари, сут маҳсулотлари, чақалоқлар озуқаси ҳамда косметика воситалари таркибида ҳам пальма ёғини учратиш мумкин. Шу билан бирга, унинг хавфсизлиги ва инсон саломатлигига таъсири ҳақида турли баҳслар мавжуд.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, маҳсулотнинг инсон саломатлигига таъсири биринчи навбатда унинг сифати, қайта ишлаш технологияси, сақлаш шароити ва меъёрий истеъмол қилинишига боғлиқ. Шу боис бугун дунёда пальма ёғини хавфсиз ишлаб чиқариш ва ундан оқилона фойдаланиш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

Бугун озиқ-овқат хавфсизлиги фақатгина ишлаб чиқарувчилар эмас, балки ҳар бир истеъмолчини қизиқтирадиган масалага айланган. Тошкентда ўтказилаётган мазкур халқаро анжуман эса палма ёғи ҳақидаги илмий ёндашувлар, замонавий технологиялар ва халқаро стандартлар юзасидан очиқ мулоқот майдони бўлиб хизмат қилмоқда. Бу каби учрашувлар нафақат соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди, балки истеъмолчилар дастурхонига хавфсиз, сифатли ва замонавий талабларга жавоб берадиган маҳсулотлар етиб боришига ҳам ҳисса қўшади.
Муҳайё Тошқораева,
Носиржон Ҳайдаров, ЎзА