“Пахта иши” қандай вужудга келган эди? (4-қисм)
КЕЧАГИ КУНЛАРНИНГ ЎҚИЛМАГАН САҲИФАЛАРИ
КЕЧАГИ КУНЛАРНИНГ ЎҚИЛМАГАН САҲИФАЛАРИ
Комиссия “Пахта иши” бўйича материалларни синчиклаб ўрганиб, 1978-1983 йилларда ўзлаштирилган сумма 40 миллион сўмга ҳам етмаслигини узил-кесил аниқлади. Ушбу рақам суд қарорлари билан тасдиқланган. Юқорида келтирилган миллиардлик рақамлар эса “десантчи”лар сиёсий лўттибозлигининг яққол кўриниши, деб ҳисобланиши лозим.
Кейинги йилларда муҳтарам Президентмиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган суд-ҳуқуқи ислоҳотлари ҳар қандай одамни янада тўлқинлантиради, ҳаяжонга солади. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг яқин тарихимизда юз берган инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларига адолатли баҳо бергани кўнгилни тоғдек кўтаради.
* * *
– Энди эътиборингизни “Пахта иши”га тортмоқчиман. Чунки сиз 80-йиллар охирида “Пахта иши”ни қайта кўриб чиқиш комиссияси раҳбарларидан бири бўлгансиз...
– Маълумки, “Пахта иши” терговини “десантчи”лар раҳбарлигида бир неча минг терговчи олиб борган. Уларнинг тергов тегирмонига тушган 20 000 га яқин қишлоқ хўжалик ходимларидан 4500 дан зиёди айбдор деб топилиб, турли муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.
Аслида, “Пахта иши” бўйича судланганларнинг барчаси қўшиб ёзишга мажбуран иштирокчи бўлиб қолишган. Ушбу масалага кенгроқ қарайдиган бўлсак, қўшиб ёзишлар ва бошқа суиистеъмолликлар собиқ марказ томонидан йиллик пахта режаси ҳаддан ташқари юқори белгиланиши оқибатида вужудга келганини яққол кўриш мумкин. Собиқ марказ республиканинг табиий шароити, имкониятларини ҳисобга олмай ҳар йили оширилган пахта режасини белгилар, сўнг имконсиз бўлган ушбу режанинг сўзсиз бажарилиши талаб қилинар эди. Маҳаллий раҳбарлар эса бу талабга бўйсунишга мажбур эди.
Бунга Қашқадарё вилояти Талимаржон ҳудудидаги 2-давлат хўжалиги ходимларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши яққол мисол бўлиши мумкин. Бу иш бўйича собиқ бўлинма бошлиқлари, бухгалтерлар, жами 24 киши судланган. Гувоҳлар – давлат хўжалиги бўлинма бошлиқлари кўргазма беришларича, Талимаржон ижроия қўмитаси раиси пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари топшириш режасига қўшиб ёзишга кўрсатма бериб келган. Бу буйруқ бажарилмагани учун унинг кўрсатмасига асосан хўжалик бош бухгалтери Б.Хидиров, кассирлар Баҳритдинова ва Эргашев бир суткага қамалган.
Бўлинма бошлиғи Ю.Жалилов қалбаки ҳужжатларни имзолашдан бош тортиб, давлат хўжалиги раҳбарларининг рухсатисиз қўшни хўжаликка ишга ўтган. Бироқ 1982 йил 25 декабрь куни унинг уйига директор ўринбосари, партия қўмитаси котиби ва комендант келиб, ультиматум қўйишган – ё қалбаки ҳужжатларни имзолайсан ёки ҳозироқ квартирани бўшатасан. Жалилов қишда, бошқа квартираси бўлмагани ва қаҳратон совуқда оиласи ва ёш болалари билан ҳеч қаерга кўчиб кета олмаслиги сабабли қалбаки ҳужжатларни имзолашга мажбур бўлган.
Лекин масаланинг айнан шу жиҳатларига Бутурлин ҳам, Гайданов ҳам мутлақо эътибор бермаган. Чунки уларнинг мақсади Ўзбекистонни, ўзбек халқини ёмонотлиқ қилиш орқали ўзларини ишнинг кўзини биладиган, жиноятларни ҳеч нарсадан қўрқмай дадил фош қила оладиган етук мутахассис қилиб кўрсатиш, юксак лавозимлару мукофотлар олиш бўлган.
1989 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Олий суди томонидан Ўзбекистон МК биринчи секретари Ислом Каримов номига вужудга келган вазият ҳақида ва тергов жараёнида йўл қўйилган қўпол қонунбузарликлар, инсон ҳуқуқлари топталгани ва “Пахта иши“ бўйича келтирилган зарар миқдори бўрттириб кўрсатилгани ҳақида маълумотнома тақдим этилди. Ушбу маълумотномага асосан Ислом Каримов топшириғи билан ҳукумат комиссияси тузилди. Аввал 1989 йил 12 сентябрда етказилган зарар миқдорини аниқлаш бўйича ҳукумат комиссияси, сўнгра, “Пахта иши”ни тўлиғича ўрганиш учун 1990 йилда комиссиянинг янги таркиби тасдиқланди. Унга раис этиб ўша пайтда ҳукумат раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаётган И.Ҳ.Жўрабеков тайинланди, мен эса раис ўринбосари бўлдим.
Комиссия 50 кишидан, асосан, ҳуқуқшунослардан иборат бўлиб, улар орасида Олий суд судьяларидан А.Сарабеков, А.Қодиров, С.Исмоилов, С.Бердиқиличев, А.Дўстбобоев, Олий суд масъул ходими М.Мирзаолимов, вилоят ва туман судьяларидан Ш.Ҳақназаров, Ю.Очилов,Э.Хўжақулов, Н.Тўхлиев, Ғ.Собиров ва прокуратура ходимлари бор эди. “Пахта иши”га оид 40 000 га яқин жиноят ишларининг барчаси вилоят судларидан Республика Олий суди ихтиёрига чақириб олинди ва уларнинг саҳифама-саҳифа синчиклаб ўрганилди.
1989 йил октябрь ойида 500-600 га яқин, асосан, Қашқадарё вилоятидан келган кишилар Ўзбекистон Марказқўми биноси олдида тўпланишиб, фақат Ислом Каримов билан учрашишларини қатъий талаб қилишади. Чунки у киши айнан Қашқадарё вилояти раҳбарлигидан республикага раҳбар бўлган эди. Тўпланганлар ўзлари ва судланган қариндошлари тазйиқлар остида қўшиб ёзишга мажбур бўлганликларини, моддий бойликларни ўзлаштирмаган бўлса-да, суд ҳукмига биноан 4-5 йил қамоқда ўтирганлари камлик қилгандай, ойлик маошидан 50 фоиз ушлаб қолинаётгани, бунинг оқибатида 8-10 тадан бола-чақаси бор оддий қишлоқ одами тергов жараёнида бор мол-мулкидан ажрагани, номлари қора бўлгани етмагандай, суд томонидан тайинланган моддий зарарни тўлашга мажбур бўлиб қолишгани тўғрисида айтишади.
Комиссия вакили сифатида Марказқўмга йиғилганларнинг тўрттаси билан қабулхонада суҳбатлашдим ва муаммонинг моҳиятини тушунганимдан кейин уларга “Республика Олий судига боринглар” деб айтдим.
Олий суд раисига Жиноят-процессуал кодексининг 350-моддасига асосан ҳукмларнинг зарарни ундириш қисми ижросини тўхтатишни таклиф қилинди. Раис шу ернинг ўзида барча вилоят судларига телеграмма жўнаттирди ва шу мазмундаги телеграмманинг нусхалари йиғилганларнинг қўлларига ҳам берилди...
Вилоят судларидан келтирилган пахта ишига тааллуқли дастлабки ишларни кўриш чоғидаёқ илгари ҳеч ким эътибор бермаган бир қатор ҳуқуқий муаммолар аниқланди.
Биринчидан, Гдлян ва бошқалар “Пахта иши“ бўйича республикага етказилган зарар миқдорини бир неча юз баробар бўрттириб кўрсатгани маълум бўлди. Иккинчи масала эса, анча муҳим ва ҳуқуқий жиҳатдан ғоят мураккаб эди. “Пахта иши” бўйича судланганларнинг асосий қисми тергов материаллари бўйича ҳам, тергов хулосаси бўйича ҳам, суднинг ҳукми бўйича ҳам бир тийин ўзлаштирмагани, улар пахта плани бажарилгани ҳақидаги нотўғри ҳужжатларга, юқорида кўрганимиздек, тазйиқ остида имзо чекканлари аниқланди.
Бу ўринда шуни айтиш керакки, қўшиб ёзиш фақат Ўзбекистонда эмас, барча совет республикаларида бўлган. Марказ Ўзбекистонга “десант” ташлаганда иттифоқ миқёсида тарқалган бу иллатдан гўё бехабардай қилиб кўрсатишга ҳаракат қилди. СССР прокуратураси ҳайъат мажлисларидан бирида Гдляннинг бевосита раҳбари Каракозов пахтачиликдаги қўшиб ёзиш Ўзбекистонга нисбатан бошқа республикаларда анча кўпроқ бўлган, деб эътироф ҳам этган. Демак, аслида айнан собиқ марказнинг буйруғига асосан социалистик давлатнинг “катта ютуқлари”ни намойиш этиш учун қўшиб ёзишлар вужудга келган эди. Давлатнинг ўзи одамларни қўшиб ёзишга мажбурлаб, сўнг шу давлатнинг ўзи уларни қатағон қилди. Дунё тарихида – халққа нисбатан бундай, лўнда қилиб айтганда, ўта кетган ғирромлик жуда кам учрайди.
Бутун масъулиятни зиммамизга олиб, “Пахта иши”ни қайта кўриб чиқишга қарор қилдик. Бу мақсадни амалга ошириш учун Ўзбекистон Олий суди Пленуми “Пахта иши”ни қайта кўриб чиқиш бўйича Пленум қарорини қабул қилиб, судьяларга тегишли тушунтиришлар бериши лозим эди.
Республика прокуратураси Пленум қарори лойиҳасига салбий хулоса берди. Шунга қарамай, ушбу қарор лойиҳаси навбатдаги Пленум кун тартибига киритилди. Кўп тортишувлардан сўнг Олий суд раиси М.Маликов раислигида Ўзбекистон Олий суди пленуми 1990 йил 20 июлда “Республика судлари томонидан пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари тайёрлаш ва қайта ишлаш билан боғлиқ талон-торож қилиш, қўшиб ёзиш ва бошқа суиистеъмолликлар ҳақидаги ишларни кўриш амалиётида вужудга келган баъзи масалалар тўғрисида” номли қарор қабул қилди. Ўша қарорнинг қисқартирилган шакли қуйидагича:
“Пленум, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш ва қайта ишлаш билан боғлиқ талон-торож қилиш, қўшиб ёзиш ва бошқа суиистеъмолликлар ҳақидаги ишларни кўриш практикасида юзага келган масалаларни муҳокама қилиб, судлар томонидан бир қанча ишларни кўришда қонунсизлик ва фуқаролар ҳуқуқлари жиддий равишда бузилганини қайд қилади.
Талон-торож қилиш ёки пора олиш жиноятларини содир этишга ҳеч қандай қасдлари ва тамаъгирлик нияти бўлмаган фуқароларни, шундай жиноятларни қилганликлари учун судлаш фактлари бўлган. Кўп ҳолларда қўшиб ёзиш ва бошқа суиистеъмолликларда айбли бўлганларнинг ҳаракати талон-торож қилганликда квалификация этилган.
Конкрет ишларни кўриш вақтида кўпинча колхоз ва совхозларнинг кассаларидан олиниб, тайёрлов ва қайта ишлаш корхоналарига берилган, кейинчалик давлат банкасига тушган пул маблағлари асоссиз равишда талон-торожлар суммасига киритилган. Тергов органлари томонидан айбланувчиларнинг жиноятга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган қариндош ва танишларига тегишли бўлган пул маблағларини олиб кетиш фактлари ҳам бўлган.
Тергов олиб бориш ва ишларни судда кўриш вақтида жиноятларни содир этиш ҳолатларини тўла ва объектив текшириш, айбланувчини қораловчи ҳолатларни ҳам, оқловчи ҳолатларини ҳам аниқлаш зарурлиги ҳақидаги қонун талаблари бузилган. ЎзССР ЖПКнинг 22-моддасига хилоф равишда дастлабки терговнинг ва суд томонидан кўриладиган ишнинг тўлалигига ва объектив олиб борилишига салбий таъсир кўрсатишига қарамай, ишлар асоссиз равишда ажратиб келинган. Бу эса жиддий суд хатоларига олиб келган.
Кўпгина ишлар бўйича содир қилинган жиноятга тўғри ижтимоий баҳо берилмаган: республиканинг ҳақиқий имкониятлари ҳисобга олинмай қаттиқ марказлашган планлаштириш билан боғлиқ қишлоқ хўжалигидаги қўшиб ёзиш ва бошқа суиистеъмолликларни келтириб чиқаришга ёрдам берувчи ҳақиқий сабаб ва шароитлар чуқур аниқланмаган.
Судлар ҳукм чиқариш вақтида, қонунда назарда тутилган асослар бўлмагани ҳолда, фуқаролик суди юргизиш тартибида кўрилишига оид бўлган келтирилган моддий зарарни қоплаш масалаларини ҳал қилган.
Юқорида кўрсатилган қонун бузилишларнинг кўп қисми кассация ва назорат инстанциялари томонидан ишлар кўрилганида эътиборсиз қолиб келган“.
Ушбу қарор амалий жиҳатдан ҳам, илмий-назарий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга бўлди. Комиссиянинг, Олий суд ходимларининг иши жадаллашди. 1990 йил декабрь ойигача “Пахта иши” бўйича беш юзга яқин судланганлар иши кўриб чиқилди ва улар қўшиб ёзиш жиноятини юқори раҳбарлар томонидан тазйиқ оқибатида содир этгани учун оқланди.
Аммо орадан кўп ўтмай, комиссия ишига тўсиқлар қўйила бошлади. СССР Олий суди раиси Смоленцев 1990 йил октябрь ойида Ўзбекистон Олий суди пленумига тақдимнома киритиб, 20.07 1990 йилда қабул қилинган Пленум қарорининг учинчи бандини бекор қилишни қатъий талаб қилди. Хусусан, тақдимномада охирги зарурат ҳолати ҳақидаги қоидаларни Ўзбекистон Олий суди талқин қилишга ҳақли эмас, бундай ваколат фақат СССР Олий суди ваколатига киради, деб кўрсатилган эди.
Бу пайтга келиб мен Олий суд раиси вазифасини бажарувчи эдим. Шу боис олдимда нима қилиш керак, деган савол кўндаланг бўлди. Чунки СССР Олий судининг тақдимномаси биз учун бажарилиши шарт бўлган буйруқ эди. Биз бу буйруқни бажарадиган бўлсак, “Пахта иши”ни қайта кўриб чиқиш ишига нуқта қўйилади ва оқланишини умид билан кутиб турган минглаб жабрдийдалар тақдири ўлда-жўлда қолади.
1990 йил 28 декабрь куни ўтказилган Ўзбекистон Олий суди пленуми “Пахта иши” комиссиясининг фаолиятини маъқуллади ва тақдимномани рад этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Унда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига талқин бериш Ўзбекистон Олий судининг мутлақ ваколати доирасига киради, деб таъкидланди.
Ўша кунларнинг бирида мен Марказқўмга чақирилдим. Маъмурий ва ташкилий бўлим раҳбарлари менга пахта ишини кўриб чиқишни тўхтатиш керак, дейишди. Шундан сўнг Марказқўмдан Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари, комиссия раиси Исмоил Жўрабеков олдига бориб, унга Марказқўмда бўлиб ўтган суҳбат тафсилотларини батафсил гапириб бердим. Исмоил Ҳакимович “Пахта иши”ни қайта кўриб чиқиш самарали бораётганидан мамнун бўлиб юрар, комиссия ишида бирор-бир муаммо туғилса, уларни ҳал этиш чораларини тезкорлик билан кўрар эди. У воқеани эшитиб, асабийлашиб ўрнидан туриб кетди ва хона бўйлаб тез-тез юра бошлади. Бир неча дақиқадан кейин:
– Сиз қилинган ишлар бўйича маълумотнома тайёрлаб беринг, бу масала бўйича ўзим Ислом Абдуғаниевичга айтаман,– дедилар.
Бу орада ўзимизнинг баъзи мансабдор шахслар, ҳуқуқшунос олимлар ҳам СССР Олий суди таъсири остида комиссиянинг фаолиятига қарши ҳар хил гаплар тарқатгани ва республика раҳбарини чалғитиши оқибатида комиссия иши бир неча ой тўхтаб қолди.
1991 йил май ойи охирларида “Халқлар дўстлиги” саройида республика қишлоқ хўжалик ходимларининг қурултойи бошланди. Президент Ислом Каримов Қурултойда нутқ сўзлаб, “СССР Олий суди “Пахта иши” бўйича бизга тазйиқ ўтказмоқда, лекин улар билсинларки, Ўзбекистоннинг ўзининг Олий суди бор, биз Москвадан бериладиган маслаҳатларга муҳтож эмасмиз!” деб баралла айтди. Қурултой иштирокчилари ушбу сўзларни тўхтовсиз қарсаклар билан қарши олишди. Чунки, республика раҳбари пахта ишидан энг кўп жабр тортган қишлоқ хўжалик ходимларининг дилидагини топиб айтган эди.
Пахта иши комиссияси ўз ишини яна давом эттирди. Шунга қарамай, марказдан бўлаётган тазйиқлар давом этаверди.
СССР Бош прокурори Н.Трубин 1991 йил 29 майда республика раҳбарига тақдимнома юбориб, республика Олий суди Пленумининг мазкур қарори Иттифоқ қонунига мутлақо зид эканини қайд этиб, тегишли тартибда чора кўрилишини талаб қилди. Мана, ўша хатдан парча:
“...ССР Иттифоқи Олий суди раиси томонидан 1990 йил 28 октябрда Ўзбекистон ССР Олий суди Пленумига тақдимнома киритилиб, 1990 йил 20 июлдаги 4-сонли Пленум қарорининг 3-бандини бекор қилишни талаб қилинди.
Пленум ушбу тақдимномани икки ой давомида кўриб чиқмади ва фақат 1990 йил 28 декабрда кўриб чиқди ва тақдимномани қаноатлантирмади. СССР Олий суди раисининг тақдимномасини кўриб чиқиш Пленум кун тартибига ҳатто киритилгани ҳам йўқ, республика прокурори тақдимнома билан таништирилмади ва у Пленум ишида иштирок этмади, бу ҳам қонун талабига зиддир...
...Шу тариқа “Пахта иши”ни қайта кўриш шошқалоқлик билан давом эттирилди, айбдор шахслар — совхоз ва пахта заводлари директорлари, колхоз раислари, бош бухгалтерлар, пахта пунктларининг мудирлари, классификаторлар ва бошқалар Ўзбекистон ССР Олий суди Пленуми қарорининг 3-банди асосида жиноятни охирги зарурат ҳолатида содир этган, деб оммавий тарзда оқлана бошлади...
Юқорида баён қилинганлар таъсир чорасини кўриш учун юборилмоқда...”
1991 йил 29 май.
СССРдек қудратли давлатнинг Бош прокурори бўлган Н.Трубиннинг тақдимномасига Президентимиз қандай муносабат билдираркан, деб кутар эдик. Ислом Каримов эса ушбу тақдимномани ўқиб, унинг четига “Архивга ташлансин!” деб ёзди-да, имзо қўйди.
Натижада пахта ишини қайта кўриб чиқиш давом эттирилди. 3,5 минг киши оқланди. Уларга етказилган моддий ва маънавий зарар қопланиши учун катта миқдордаги пул маблағи бюджетдан ажратилди, барчаси иш жойига тикланди. Пахта иши бўйича қолган судланганларнинг баъзилари давлатимиз раҳбари томонидан афв этилди, баъзиларига тайинланган жазо ўзгартирилиб, оиласи бағрига қайтди.
–“Пахта иши” бўйича етказилган зарар тўғрисида ҳам ўша пайтларда ҳар хил фикрлар айтилган эди. Комиссия бу масалага ҳам тўхталган бўлиши табиий...
- СССР прокуратураси аввал СССР халқ депутатлари съезди комиссиясига ҳавола этган маълумотларда 5 миллиард, иккинчи вариантида 2-4 миллиард сўм талон-торож қилинган деб кўрсатган бўлса, Ўзбекистон компартиясининг ХХI съездида олти миллиард деб айтилганди. Гайданов муттаҳамларча бу рақамни ҳатто 10 миллиардгача деб айтди, Гдлян эса турли митингларда, оммавий ахборот воситаларида зарар миқдорини бир неча ўн миллиард деб жар солди.
Кўриниб турибдики, шафқатсиз қатағон камлик қилганидай зарар масаласида ҳам юртимизга мисли кўрилмаган туҳмат тошлари отилган.
Юқорида айтилганидек, комиссия “Пахта иши” бўйича материалларни синчиклаб ўрганиб, 1978-1983 йилларда ўзлаштирилган сумма 40 миллион сўмга ҳам етмаслигини узил-кесил аниқлади. Ушбу рақам суд қарорлари билан тасдиқланган. Юқорида келтирилган миллиардлик рақамлар эса “десантчи”лар сиёсий лўттибозлигининг яққол кўриниши, деб ҳисобланиши лозим.
Барчага тушунарли бўлиши учун шуни ҳам айтиш керакки, ушбу 40 миллион сўмга яқин пулни ўзлаштирган шахсларнинг барчаси қилмишига яраша жиноий жавобгарликка тортилган ва уларга нисбатан чиқарилган ҳукмлар комиссия томонидан қонуний, деб топилган.
–Маълумки, СССР Олий судида ва бошқа республикалар Олий судларида бир қатор юртдошларимиз иши кўрилган. Кейинчалик бу ишлар Ўзбекистонга олиб келиниб, Ўзбекистон Республикаси Олий судида ҳам қайта кўрилган эди. Шулар ҳақида ҳам бир оз тўхталсангиз.
–СССР тарқаб кетгандан сўнг собиқ иттифоқ Олий судининг архиви Россия Федерацияси Олий суди ихтиёрига берилди. Ваҳоланки, жиноят иши қайси судда кўрилиб ҳукм чиқарилган бўлса, ўша суднинг архивида сақланиши керак. Биз ўша, марказда кўрилган ишларни ҳам Олий судда қайта кўриб чиқишимиз лозим эди. Бунинг учун Москвага бориб, Россия Федерацияси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Владимир Радченкога масалани тушунтиришга тўғри келган. Айтиш керакки, Владимир Иванович Гдлян ва Иванов бошчилигидаги тергов гуруҳининг Ўзбекистонда қилган қора ишларидан яхши хабардор эди. У Россия Федерацияси Олий суди раиси В.Лебедев билан маслаҳатлашиб чиқиб жиноят ишларини бериш мумкин эмас, лекин улардан нусха кўчириб олиб кетишга рухсат беришимиз мумкин, деди.
Шундан сўнг Исмоил Жўрабеков ёрдами билан Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасининг пастки қаватидан иккита хона ажратиб берилди. Таниқли тадбиркор ватандошимиз Алишер Усмонов чет элда ишланган нусха кўчириш аппарати олиб берди ва у элчихонага ўрнатилди. Ўзбекистон Республикаси Олий судидан икки киши бориб тўрт ойдан кўпроқ вақт давомида минг томга яқин барча жиноят ишларидан нусха кўчириб келди.
Улар орасида 1970 йилларда ишлаган Олий суд раиси Саъдулла Пўлатхўжаев, республика Министрлар советининг собиқ раиси Раҳмонқул Қурбонов ва бошқаларнинг ишлари ҳам бор эди...
Бу ишлар ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий судида синчиклаб ўрганилди ва дастлабки тергов аксарият ҳолларда бир ёқлама, юзаки, қонун талабларига хилоф равишда ўтказилгани, биринчи инстанция судлари мавжуд камчиликларга эътибор бермай судланувчиларга асоссиз жазо тайинлаганлари аниқланди ва уларга нисбатан чиқарилган ҳукмлар бекор қилиниб, оқландилар.
Оқланганлар орасида Ўзбекистон пахта саноати вазири бўлган В.Усмонов (вафотидан сўнг), собиқ Ўзбекистон Министрлар Советининг раиси Н.Худойбердиев, Қорақалпоғистон раҳбари Қ. Камолов, Марказқўм котиби Э.Айтмуратов, Ички ишлар вазирлигининг бир қатор масъул ходимлари ва бошқалар бор.
Ҳа, юртдошларимизнинг иши нафақат Москвада, бошқа республикаларда ҳам кўрилган эди. Масалан, М.Мусахонов иши Тожикистон Республикаси Олий судида кўрилган. Ишларни қайта кўриш жараёнида М.Мусахонов жиноят ишига тааллуқли қўшимча ҳужжатлар, хусусан, дастлабки терговда Мусахоновдан “керакли” кўрсатмаларни олиш учун унинг ўғли, профессор Мирзаюсуф Мусахонов, икки қизи ва бошқа қариндошлари, танишлари қамоққа ташлангани, аммо бу ҳақдаги ҳужжатлар Мусахонов ишига қўшилмай сўроқ материалларидан қонунга зид равишда олиб қўйилгани аниқланди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг бошлиғи бўлиб ишлаган генерал Ислом Сатторовнинг иши Москва вилоят судида кўрилгани учун унга доир жиноят иши Тошкентга келтирилмай қолган эди. Бу иш ҳам қайта кўрилиб, унинг ҳаракатида оғир жиноят таркиби йўқлиги учун оқланди.
“Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” деб ном олган ишларнинг ўзига хос бир хусусияти бор: олдин турли йилларда бўлган қатағонлар қурбонлари орадан 35-40 йил ўтиб, яъни вафот этиб кетганларидан кейин оқланган бўлса, мазкур ишлар бўйича жабрланганлар иши улар ҳаётлигида кўриб чиқилди ва оқланди.
“Пахта иши” ва “Ўзбеклар иши” шу тариқа охирига етди. Биз юқорида тилга олган воқеаларга ҳам ўттиз йилдан кўпроқ вақт ўтди.
Кейинги йилларда муҳтарам Президентмиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган суд-ҳуқуқи ислоҳотлари ҳар қандай одамни янада тўлқинлантиради, ҳаяжонга солади. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг яқин тарихимизда юз берган инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларига адолатли баҳо бергани кўнгилни тоғдек кўтаради.
Биз, ёши катта ҳуқуқшунослар миллий истиқлол арафасида бўлганидек, барча соҳаларда қонун устуворлиги қарор топишига ишонч ҳосил қилмоқдамиз. Ҳуқуқий давлатнинг улуғвор биноси белгилари яна кўрина бошлади. Шу гўзал бинони тезроқ барпо этиш учун Президентимиз ғайрат-шижоат, катта жасорат билан меҳнат қилмоқдалар. Бу улкан ва шарафли вазифа муваффақият билан охирига етказилишига ишончимиз комил.
Шоҳрух АКБАРОВ суҳбатлашди
Агар сизда ушбу мақола юзасидан фикр-мулоҳазалар бўлса, қуйидаги манзилга юборишингиз мумкин.
Телеграм: @UzA_pochta
E-mail: pochta@uza.uz, uzauz@yandex.ru
Телефон: 71) 233-42-84, (71) 233-21-37