Гдлян ва Ивановга қарши кураш давом эттирилди, охир-оқибат улар устидан жиноят иши қўзғатилди.
КЕЧАГИ КУНЛАРНИНГ ЎҚИЛМАГАН САҲИФАЛАРИ
Қаллибек КАМОЛОВ: "Агар биз айтган кўргазмаларни берсанг, жазони камайтирамиз, агар кўнмасанг, 12-15 йилга Магаданга ёки Колимга жўнатамиз, у ерда сен ҳозирги аҳволинг билан узоққа бормайсан. Ёки бўлмаса отувга ҳукм қилинасан, хотининг ва болаларингни қамаймиз деб дўқ қилишди..."
Гдлян ва Ивановга қарши кураш давом эттирилди, охир-оқибат улар устидан жиноят иши қўзғатилди. Уларнинг юртимизда қилган ноқонуний ишларини текшириш ва содир этган жиноятларини фош этиш учун СССР прокуратураси бошқарма бошлиғи, генерал Виктор Иванович Илюхин бошчилигида тергов гуруҳи Ўзбекистонга келиб тергов ишларини бошлаб юборишди.
Маълумки, Гдлян ва Иванов тергов гуруҳи фаолияти асосан республикамизда юксак лавозимларда ишлаб, ҳалол ва фидокорона меҳнат қилиб, халқнинг катта эътиборига сазовор бўлган инсонлар, хусусан, Министрлар Совети, Марказқўм котиблари, обком ва райкомнинг биринчи котибларини ҳибсга олишга қаратилган ва уларга нисбатан терговнинг ноқонуний усулларини қўллаган эдилар.
Виктор Илюхиннинг тергов гуруҳи гдлянчилар томонидан ҳибсга олинган инсонларга нисбатан қандай усулда тергов олиб борилгани ҳақида рад қилиб бўлмайдиган жуда кўп факт ва далиллар тўплади. Шулар ҳақида қисқача тўхталамиз:
Бектош РАҲИМОВ, Ўзбекистон Министрлар Совети раиси ўринбосари бўлиб ишлаган:
“...Кечқурун яна сўроққа чақиришди. Қўйилган масала шу бўлдики, улар талаб қилган пул суммасини топширишим билан мени қўйиб юборишар экан. Улар шундай шарт қўйдики, агар улар айтган суммани топширсам, пулнинг қандайдир қисмини ўзимга олиб қолишимга рухсат беришаркан.
Терговчилардан бири ўзбек эди, у мени шу шартга кўндиришга роса уринди. Сўнг улар яна сўкишга ва қўрқитишга ўтишди. Гдлян, мен буйруқ берсам КГБ офицери бўлган ўғлингни ишдан олишади ва КГБдан ҳайдаб юборишади, деб айтди. Улар мен қилмаган ишимни қилганман деб иқрорлик кўргазмаси беришимни талаб қилишарди. Сўроқ пайтида пулим йўқлигини ва шунинг учун ҳеч нарса бера олмаслигимни айтганим учун улар қаттиқ норози бўлишди...” (1989 йил 11 майдаги сўроқ баённомасидан кўчирма).
Оқил САЛИМОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиуми раиси бўлиб ишлаган:
"...биринчи кундаёқ Иванов мендан республикада кимдан қанча пора олганим ва “юқори”да ишлаганлардан кимга қанча пора берганим ҳақида иқрорлик кўргазмаси беришимни талаб қилди. Менинг ҳеч кимдан пора олмаганман ва ҳеч кимга пора бермаганман деб айтганларимни терговчилар мутлақо эътиборга олишмади...
...Иванов менга, биз партия манфаатларидан, Х1Х партконференция қарорларидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилаяпмиз, шунинг учун биз талаб қилган кўргазмаларни бериб бизни қўллаб-қувватлашинг керак, деб айтди. Акс ҳолда, қариндошларингни қамаб, хонадонингни остин-устун қилиб ташлаймиз, Усмонов бизнинг йўриғимизга юрмаган эди отувга ҳукм қилинди, деб таҳдид қилди... (1989 йил 11 майдаги сўроқ баённомасидан кўчирма).
Ережеб АЙТМУРАТОВ, Ўзбекистон Компартияси Марказқўми котиби бўлиб ишлаган:
“...Мен 1987 йил 20 августда Тошкентда қамоққа олиндим. Бир неча кун мени Ўзбекистон КГБсининг тергов изоляторида сақлашди, сўнг Москвага олиб келишди. Шу пайтдан бошлаб Гдлян ва Иванов сўроқ қила бошлашди. Менга анчагача чин юракдан иқрор бўлишнинг аҳамиятини тушунтиришиб, қўйилган айбларга иқрор бўлишим кераклигини маслаҳат беришди. Агар ким иқрорлик кўргазмаси бермаса отувга ҳукм қилинади, агар улар айтганига юрсам мени ҳатто қамоқдан озод қилишларини ҳам айтишди. Башарти иқрорлик кўргазмаси бермасанг хотинингни, ўғлингни, қизингни, укангни қамоққа оламиз деб қўрқитишди. У ҳатто ҳомиладор аёлни ҳам ҳибсга олганмиз, сен ҳам шундай бўлишини истайсанми, деб сўради. Мен мутлақо айби йўқ одамларнинг қамоққа олинишини истамасдим...
...Эртасига Гдлян ва Иванов мени яна чақиришди. Гдлян 50 кишидан пора олганман деб ёзиб беришимни, поранинг миқдори 450.000 сўмдан кам бўлмасин деб айтди...” (1989 йил 4 майдаги сўроқ баённомасидан кўчирма).
Қаллибек КАМОЛОВ, Қорақалпоғистон партия қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган:
“...Менинг ишимни тергов қилаётган терговчиларни, биринчи навбатда, Гдлян ва Ивановни ишнинг ҳақиқий ҳолати қизиқтирмас эди. Мендан ўзларига керакли бўлган кўргазмалар беришимни талаб қилишарди. Улар мендан 15-20 миллион пулни пора тариқасида олганман деб ёзиб беришимни, бундан ташқари, КПСС МК аппаратининг ходимлари Могильниченко, Смирнов, Истомин, Ишков ва бошқаларга пора берганман деб туҳмат қилишимни талаб қилишарди. Мен уларга ҳеч қачон пора бермаганман, шу сабабли пора берганман деб ёзиб бера олмайман, деб айтдим. Шундан сўнг Гдлян ва Иванов агар ёзиб бермасанг, ёнингга хотин-бола чақангни ҳам ўтқазиб қўямиз, деб мени қўрқитишга ўтишди. Агар биз айтган кўргазмаларни берсанг, жазони камайтирамиз, агар кўнмасанг, 12-15 йилга Магаданга ёки Колимга жўнатамиз, у ерда сен ҳозирги аҳволинг билан узоққа бормайсан. Ёки бўлмаса отувга ҳукм қилинасан, хотининг ва болаларингни қамаймиз деб дўқ қилишди...
...Мени Гдлян ва Иванов биргаликда ҳам, ҳар бири алоҳида ҳам сўроқ қилишди. Улар менга агар юқори турувчи ходимларга, жумладан, КПСС МК ходимларига қарши кўргазма берсанг, судда унча кўп муддат олмайсан деб айтишди...” (1989 йил 16 майдаги сўроқ баённомасидан кўчирма).
И.Б.Усмонхўжаев, Ҳ.Умаров, Н.Т.Туропов, И.Д.Жабборов, Р.Х.Абдуллаева ва яна бир қатор айбланувчилар Гдлян, Иванов ҳамда уларнинг тергов гуруҳи ўзларига қандай тазйиқлар ўтказганлари ҳақида кўрсатмалар беришган.
Гдлян ва Иванов устидан қўзғатилган жиноят иши бўйича тўпланган ҳужжатлар ўттиз томдан иборат бўлди. Бу ҳужжатлар билан танишган СССР Бош прокурори Н.Трубин Гдлян ва Ивановнинг айби факт ва далиллар билан тўлиқ исботланди, деб СССР Президенти Горбачёвга хат ҳам ёзган эди. Лекин орадан бир ой ўтгандан сўнг, яъни 1991 йил 30 августда айни шу Бош прокурорнинг ўзи сиёсий ўйинларга берилиб, Гдлян ва Ивановлар устидан қўзғатилган жиноят ишини уларнинг ҳаракатида жиноят таркиби йўқ, деб ҳаракатдан тўхтатиш тўғрисида қарор чиқарди.
Гдлян ва Ивановнинг жавобгарликка тортилмай қолгани учига чиққан адолатсизлик бўлди, қонунийлик ва ҳақиқат оёқ ости қилинди. Шунинг учун ҳам Н.Трубиннинг қонунга зид қарори бекор қилиниши лозим.
Бу пайтларда “Пахта иши” ва бошқа ишлар бўйича судланганларнинг 4000 га яқини жазо муддатини Россиянинг турли вилояларида ўтаётган эди. Уларнинг барчаси “Пахта иши”ни қайта кўриш бўйича тузилган комиссия саъй-ҳаракати билан ватанига қайтарилди. И.Усмонхўжаев, Н.Худойбердиев, Қ.Камолов, Е.Айтмуротов, Т.Умаров, М.Мусахонов ва бошқалар эса Россиянинг Нижний Тагил шаҳридаги колонияда эдилар. Улар ҳам Тошкентга келтирилиб, махсус тиббий қисмга ётқизилди, тиббий хулосаларга асосан кекса-касалмандликлари туфайли 1991 йил бошида қамоқдан озод этилди.
Бу ўринда яна шуни таъкидлаб ўтиш керакки, улар Тошкентга келтирилиб, уйига жўнатилганидан норози бўлган СССР Бош прокурорининг ўринбосари Дзенитас Ўзбекистон Олий судига хат билан мурожаат этиб, Нижний Тагилдан келтирилганларнинг ҳужжатини юборишимизни қатъий талаб қилган бўлса-да, ҳужжатлар жўнатилмади.
Мен Виктор Иванович Илюхин билан кўп маротаба кўришиб, суҳбатлашганман. У Гдлян ва Иванов терговни ноқонуний ва ўзбошимчалик билан олиб борганидан ташқари аҳолидан тортиб олинган пуллардан жуда катта миқдорини ўзлари ўзлаштириб юборганлари ҳақида далиллар топилганини, бундан ташқари, товламачилик йўли билан баъзи судланувчилардан катта миқдорда пора олганлари ҳақида кўрсатмалар мавжудлигини ҳам айтган эди.
Кейинчалик СССР Бош прокурори Н.Трубин уни ишдан бўшатганидан кейин Илюхин Гдлян-Иванов тергов гуруҳи хунрезликлари, жаллодликлари ҳақида китоб ёзди ва қўлёзмани олиб Тошкентга келди. У менга китоб қўлёзмасини кўрсатди ва уни нашр этишда ёрдам беришимни илтимос қилди. Виктор Илюхин билан Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари И.Ҳ.Жўрабеков ҳузурига бордик. Исмоил Ҳакимович уни самимий, дўстона қабул қилди ва ўша пайтда Матбуот давлат қўмитаси раиси бўлган Р.Шоғуломовга қўнғироқ қилиб, Илюхиннинг китобини ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этиш ҳақида кўрсатма берди.
Кўп ўтмай Илюхиннинг китоби “Қабоҳат ёхуд...” номида катта тиражда чоп этилди...
Энди Гдлян ва бошқаларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласига келсак. Гдлян ва Ивановларни ўша пайтдаёқ Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 119-1-моддаси (давлат ёки жамоат мулкини жуда кўп миқдорда талон-торож қилиш), 128-модда (рэкет), 152-модда (пора олиш),149-модда 2-қисми (ҳокимият ёки мансабини суиистеъмол қилиш), 150-модда 2-қисми (ҳокимият ёки хизмат ваколатидан ташқари чиқиш), 156-модда 2-қисми (айбсиз кишини била туриб жиноий жавобгарликка тортиш), 158-модда 1- ва 2-қисмлари (била туриб қонунсиз қамаш ёки ушлаб туриш), 159-модда 2-қисми (кўрсатув беришга мажбур қилиш), 160-модда 2-қисми (била туриб ёлғон хабар бериш), 87-модда 2-қисми (ўз-ўзини ўлдириш даражасига етказиш), 93-модда 2-қисми (уриш ва қийнаш), 112-модданинг “в” банди (туҳмат) билан жиноий жавобгарликка тортиш лозим эди. Лекин СССР Бош прокурори Н.Трубиннинг жиноят ишини виждонсизларча ҳаракатдан тўхтатганлиги туфайли улар жазодан қутилиб қолишди.
Бироқ, ўтган шу ўттиз йил ичида Гдлян ва Ивановлар оммавий ахборот воситалари орқали, хусусан, телевидение ҳамда ижтимоий тармоқларда сурбетларча мунтазам равишда Ўзбекистон фуқароларига нисбатан туҳмат қилиш, яъни била туриб шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш жиноятини содир этиб келишмоқда. Улар ҳатто СССР Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Россия судлари, Тожикистон Республикаси Олий суди, Туркманистон Олий суди ва бошқа судларда оқланган юртдошларимиз ҳақида юзсизларча туҳмат қилиб келмоқдалар. Биз эса, ўзимиздаги кечириб бўлмайдиган “андишали” бўлганимиз боис, уларнинг туҳматига эътироз билдирмаяпмиз, улар содир этган жиноятларини тўла ва кенг кўламда очиб ташламаяпмиз. Ҳолбуки, мунтазам равишда такрорланиб келаётган бундай туҳмат ва ҳақоратлар учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддасида жиноий жазо назарда тутилган. Жиноят кодексимизнинг 64-моддасида яна бир муҳим қоида мавжуд, яъни агар оғир ва ўта оғир жиноят содир этган шахс жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтмасдан қасддан янги жиноят содир этса, муддатнинг ўтиши узилади. Демак, Республикамизнинг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари Россия Федерацияси прокуратурасида сақланаётган Гдлян ва Ивановларга тегишли 30 томлик жиноят ишини олиши, мазкур иш бўйича тергов ҳаракатларини мантиқий охирига етказиш ва уларни жиноий жавобгарликка тортиши мумкин. Чунки улар бу жиноятларни Ўзбекистон ҳудудида ва Ўзбекистон фуқароларига нисбатан содир этган. Бунда ҳеч қандай қонун бузилишга йўл қўйилмайди. Бизнинг терговчиларимиз ишни холис ҳал этиш учун етарли малакага эга. Ҳар бир асоссиз қамалган ва қийноққа тортилган ватандошларимизни имкони борича аниқлаб, улар билан Гдлян-Ивановларни юзлаштириш лозим. Шунда тарихий ҳақиқат қарор топади.
Сайтимизни кузатиб боринг, давоми бор...
Шоҳрух АКБАРОВ суҳбатлашди
Агар сизда ушбу мақола юзасидан фикр-мулоҳазалар бўлса, қуйидаги манзилга юборишингиз мумкин.
Телеграм: @UzA_pochta
E-mail: pochta@uza.uz, uzauz@yandex.ru
Телефон: 71) 233-42-84, (71) 233-21-37.