Кўприклар одатда одамларни бирор манзилга етказиш учун ёки бирор тўсиқни, жарлик, дарёни кесиб ўтиш учун қурилади.
Мамлакатимизда ҳам йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, тирбандликларнинг олдини олиш, пиёдалар учун шароит яратиш мақсадида кўплаб кўприк ва йўл ўтказгичлар бунёд этилмоқда. Статистикага кўра, юртимизда ҳозирги кунда 14 минг 331 та кўприк иншооти мавжуд. Шундан 7 минг 628 та кўприк умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида, 6 минг 703 та кўприк шаҳар, қишлоқ ва ички хўжалик йўлларда жойлашган.
Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева маълумотларига кўра, 2025 йилнинг I чорагида умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларида жойлашган кўприк ва сунъий иншоотларни техник кўрикдан ўтказган ҳолда янги яратилган электрон тизим базаси ишга туширилади.
Шу билан бирга, кўприк ва сунъий иншоотлар бўйича яратилаётган ягона электрон тизимга кўприк ва сунъий иншоотларда ўтказилган техник кўрик натижаларига мувофиқ қониқарли (яшил), таъмирталаб (сариқ), авария ҳолатидагилари эса қизил тоифаларга ажратилган ҳолда киритилиб, дастурлар қисқа муддатда ва самарали ташкил этилади.
“Ўзйўлкўприк” кластери кутилмаган авария ҳолатларининг олдини олади, жойлашган координатасини (локация) осон аниқлаб, кўприк ва сунъий иншоотга тегишли барча умумий маълумотларни тақдим этади. Жойлардаги аҳоли кўприк ва сунъий иншоотга ўрнатилган (QR) синхронлаш код орқали мурожаат ва таклифларини мобиль илова ёрдамида билдириши мумкин бўлади.
“Ўзйўлкўприк” кластери III чорак якунига қадар умумий 37 минг куб метр, яъни 117 миллиард сўмлик темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарди. Кўприк ва йўл ўтказгичлар учун соҳада биринчи бор 33 метрли темир-бетон оралиқ қурилма(балка)лар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Автомобиль йўлларини қуришда фойдаланиладиган 5 метрли темир-бетон лотоклар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
“Ўзйўлкўприк” кластери филиаллари томонидан III чорак якунига қадар инвестиция дастури доирасида жами 35 та объектда 290 миллиард сўмлик, табиий офат оқибатларини бартараф этиш дастури доирасида 24 та объектда 93,5 миллиард сўмлик, тўла таъмирлаш дастури доирасида 20 та объектда 78,4 миллиард сўмлик, жами 79 та объектда 461,9 миллиард сўмлик қурилиш монтаж ишлари бажарилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА