Миллий матбуот марказидаги галдаги анжуман тўқимачилик саноатининг 2021 йилдаги ишлар сарҳисобига бағишланди. Унда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси биринчи ўринбосари Даврон Ваҳобов тўқимачилик саноати равнақи йўлида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, кейинги тўрт йил ичида Ҳукумат томонидан белгилаб берилган ривожланиш стратегияси ўз самарасини бермоқда.
– Саноат соҳасида тадбиркорликни ривожлантириш натижасида 8 мингга яқин корхона фаолияти йўлга қўйилди, – деди Д.Ваҳобов. – 501 мингдан зиёд ишчи-хизматчининг бандлиги таъминланди. Айниқса, аёллар ва ёшларнинг бандлиги корхоналарда 60 фоизни ташкил этмоқда. Чекка ҳудудлар миқёсида таҳлил қилалиган бўлсак, ҳар бир туманда тўқимачилик корхоналари мавжуддир. Хорижий инвестицияларни жалб қилиш 3,2 миллиард доллар, маҳсулот экспорти 3,05 миллиард долларни ташкил этди. Қувонарлиси, бугун юртимизда етиштирилган 3 миллион тоннадан ортиқ пахтани 100 фоиз қайта ишлаш қувватлари яратилди. Қўшни давлатлардан пахта толасини импорт қила бошладик.
Тўқимачилик бўйича мамлакатимиз корхоналари республика ҳудудидан ташқарида қўшни давлатлар тўқимачилик саноатига инвестиция киритиб, янги корхоналарни ишга туширди. “Нил гранит” МЧЖ, “Астера текстиль” МЧЖлар шулар жумласидан бўлиб, ушбу корхоналар қўшни Қирғизистон ва Қозоғистонда ўз фаолиятини кенгайтиришга эришгани ҳамда бу амалиёт саноат тармоқлари ичида фақат тўқимачилик саноатида амалга оширилгани катта ютуқдир.
Жорий йил бошида Евроиттифоқ ҳудудига экспортни рағбатлантириш мақсадида GSP+ тизими татбиқ этилди. Бу эса корхоналар учун катта имкониятдир. Йил ҳисобидан 100 миллион доллардан ортиқ маҳсулот Европага экспорт қилинди. Шунингдек, ўтаётган йилда уюшма томонидан тўқимачилик маҳсулотларини Европа стандартлари асосида ишлаб чиқариш юзасидан самарали ишлар амалга оширилди. Ҳар бир вилоятда Европа бозорига кириш ва халқаро стандартларни жорий қилиш юзасидан семинар ва ўқув-тренинглари ташкил этилди. Бу ишлар самарасида Ўзбекистон органик (эко) пахта ишлаб чиқарувчи давлатлар қаторига кирди. 9 турдан зиёд халқаро стандартлар 55 корхонада жорий қилинишига эришилди. “Posco International” корхонаси республикада GRS (Global Recycled Standard) ва RCS (Recycled Claim Standard) олган биринчи тўқимачилик компаниясидир.

Даврон Ваҳобов уюшма томонидан амалга оширилаётган ишларни сарҳисоб қилар экан, унда тўқимачилик маҳсулотларининг халқаро кўргазмалар намойиши, эришилган натижалар ва экспорт салоҳиятига катта урғу берди.
Соҳадаги рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2021 йил якуни бўйича тўқимачилик корхоналари томонидан жами 1 миллион 5 минг тонна пахта толаси қайта ишланди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 31,9 триллион сўмни, шундан 19,8 триллион сўмни халқ истеъмол моллари ташкил этди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 36 та лойиҳа бўйича умумий қиймати 566,8 миллиард сўмлик тайёр маҳсулотлар ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқарилди.
Инвестиция дастури доирасида 21 та лойиҳа бўйича 232,9 миллион доллар миқдорида инвестициялар, шундан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар хажми 150,6 миллион доллар (режага нисбатан 100 фоиз) ўзлаштирилди.

Тадбирда 2022 йилда уюшма томонидан устувор вазифалар белгилаб олингани ҳам қайд этилди. Хусусан, бунда саноатда малакали кадрларни тайёрлаш ва янги тўқимачилик олийгоҳларини ташкил этиш, халқаро кўргазмаларда ўзбек тўқимачилик корхоналари иштирокини кенгайтириш ва маҳаллий маҳсулотларни кенг тарғиб қилиш, янги бозорлар сифатида Европа, Африка ва Америка бозорларига экспортни жадаллаштиришга асосий аҳамият қаратилади.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА