2025 йил 23 сентябрь куни Хитойнинг қадимий Сиан шаҳрида “Евроосиё иқтисодий форуми – 2025” бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли халқаро тадбир жорий йилда 20 йиллиги нишонланиши ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида “Барқарор ривожланиш йили” сифатида ўтказилаётгани билан алоҳида аҳамият касб этди.
23-25 сентябрь кунлари “Евроосиёнинг янги динамик кучларини бирлаштириб, барқарор ривожланишнинг янги манзарасини яратамиз” шиори остида ташкил этилган форумда Хитой, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Молдова ва Грузия каби 12 мамлакатдан келган делегациялар, жумладан, ёшлар ташкилотлари етакчилари иштирок этди.

Форум доирасида мамлакатлар ёшлари ўртасида мулоқотлар ташкил этилиб, рақамли иқтисодиёт, инновациялар ва барқарор ривожланиш мавзулари бўйича фикр алмашилди.
Ўзбекистон делегацияси таркибида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ҳам форумда фаол иштирок этди. Жамият вакиллари халқаро муҳокамаларда қатнашиб, сув таъминоти тизимидаги инновацион ечимлар, илмий-техникавий ҳамкорлик ва халқаро тажриба алмашуви юзасидан фикр алмашди.

Эътиборлиси, форум доирасида “Ўзсувтаъминот” АЖ, Халқаро илмий-техникавий алмашинув ассоциацияси ҳамда Хитой-Қозоғистон сут маҳсулотлари лойиҳаси ташаббускорлари ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Ушбу келишув сув ресурсларини бошқариш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, илмий-техникавий тажриба алмашиш, илғор технологияларни Ўзбекистонда жорий этиш йўналишларида ҳамкорликни амалга оширади.

Форум доирасида яна бир муҳим ташаббус – “Евроосиё ёшлар хизмати” платформаси тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳа ёшлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, инновацион ҳамкорликни ривожлантириш ва рақамли маданий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади.
– “Евроосиё иқтисодий форуми”да иштирок этиш “Ўзсувтаъминот” АЖ учун халқаро тажриба алмашиш ва илғор ечимлар билан танишишда муҳим майдон бўлди, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ бўлим бошлиғи Бердимурод Турсунов. – Хусусан, сув ресурсларини самарали бошқариш, замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, рақамли кузатув ва автоматлаштирилган тизимлар бўйича халқаро тажрибаларни ўрганиш имконига эга бўлдик. Шунингдек, Хитой ва Қозоғистондан ташаббус кўрсатилган қўшма лойиҳалар келгусида Ўзбекистонда сув таъминоти сифатини оширишга хизмат қилади. Форум доирасида имзоланган меморандум эса стратегик ҳамкорликда янги босқични бошлаб беради.

Нилуфар Бозорова, ЎзА