Мамлакатимизда 2017 йилда бошланган банк соҳасидаги ислоҳотлар бугунги кунга келиб фаол босқичга чиқди.
Президентимизнинг 2020 йил 12 майдаги “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармони билан тизимдаги трансформация жараёнлари банк бизнесида янгича муҳитни шакллантириб, барча амалий чора-тадбирларни мижозларга йўналтирган ҳолда ишлаб чиқишга туртки берди.
Хусусан, Ўзсаноатқурилишбанк тизимида Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки маслаҳатчилари кўмагида кредитлаш амалиётларини соддалаштириш, кредит портфели ва таваккалчиликларни бошқариш сифатини оширишга қаратилган жиддий чоралар кўрилди, банк хизматлари оммабоплиги оширилиб, ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишга эришилди, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун молиявий очиқлик таъминланди.
Банк томонидан 2020 йилнинг иккинчи ярмида жорий қилинган андеррайтинг тизими ана шундай ишларнинг амалдаги ифодасидир.
– Бундан 3-4 йил аввал мижозлар ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этиш ҳамда хизмат кўрсатиш маданияти ва банк тизимига бўлган ишончини янада оширишда қатор муаммо ва камчиликлар кузатилар эди, – дейди Ўзсаноатқурилишбанк Ахборот хизмати раҳбари – Бошқарув раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Беҳзод Бозоров. – Хусусан, кредитларни ажратиш бўйича қарорлар қабул қилишда ваколатларнинг ҳаддан ташқари марказлашгани бош банк ва филиаллар ўртасидаги жавобгарликнинг аниқ чегараланишига тўсқинлик қиларди, кредит буюртмаларини кўриб чиқишнинг мураккаблашган механизмлари, айниқса, инсон омили борлиги, тизимнинг автоматизация қилинмагани кредитларни тезкор олиш имкониятини чегараларди.Чакана банк хизматлари бозорининг паст даражада ривожлангани ва мижозлар билан ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйишнинг замонавий ёндашувлари мавжуд эмаслиги ортиқча бюрократия учун замин яратарди. Андеррайтинг тизимининг жорий қилиниши ушбу муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш учун замин яратди.
Таъкидлаш керакки, 2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясида тижорат банклари олдига соҳада замонавий сервис ечимлари асосида ахборот ва молиявий технологияларни кенг жорий этиш ҳамда молиявий хизматлар кўрсатишда инсон омили таъсирини камайтириш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўриш талаби қўйилган эди.
Шу боис Ўзсаноатқурилишбанк томонидан Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда муассасани трансформация қилиш жараёнида кредит ажратиш жараёнининг шаффофлигини таъминлайдиган, кредит бўйича масъул шахслар томонидан холислик тамойили асосида, шахсий манфаатлар иштирокисиз қарор қабул қилишга асосланган андеррайтинг тизимини ишга туширишга катта эътибор қаратилди.
Натижада 2020 йилнинг июнь-август ойларида чакана савдо, август-октябрь ойларида эса корпоратив ҳамда кичик ва ўрта бизнес йўналишини ушбу тизим доирасида кредитлаш йўлга қўйилди.
Андеррайтинг тизимининг ишга туширилиши натижасида:
- кредит ажратиш босқичлари 6 тадан 3 тага, муддати лойиҳа қиймати ва мақсадидан келиб чиқиб, 10 кундан 1 кунгача қисқартирилди;
- корхоналарнинг мулкчилик шакли, кредит мақсади, фаолият туридан келиб чиқиб қатор янги кредит маҳсулотлари жорий этилди.
Ажратилаётган кредитларларни расмийлаштириш ва унинг сўндирилишигача бўлган барча жараёнларни назоратда ушлаш учун кредитларни бошқариш хизмати ташкил қилинди.
Бугунги кунга келиб, ушбу икки тузилма Банк кредит портфели сифатини сақлаш ҳамда муаммоли кредитлар улушини камайтиришда таъсирчан механизм бўлиб хизмат қилмоқда.
2020 йилнинг октябрь ойидан бошлаб қўлланила бошлаган ушбу тизим натижасида:
- банкдаги муаммоли кредитлар ҳажми ўтган даврга нисбатан 3 бараварга камайиб, кредит портфелига нисбатан 0,3 фоизни ташкил қилди.
- муддати ўтган тўловлар ҳолатлари мавжуд бўлган кредит шартномалари ҳажми 23,4 фоизга камайди.
- банк кредит портфели сифати сезиларли даражада яхшиланди.
Жорий йилда ҳам андеррайтинг тизими асосида кредитлаш амалиётлари фаол амалга оширилмоқда. Январь-март ойларида корпоратив, кичик ва ўрта бизнес ҳамда чакана бизнес йўналишида умумий қиймати 2 375,2 млрд. сўм бўлган 895 та кредит ариза келиб тушган бўлса, шундан қарийб 60 фоизи тасдиқланди, қолган қисми қайта кўриб чиқиш учун филиалларга йўналтирилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб қарз миқдори маълум сумма доирасида бўлган кичик ва ўрта бизнес соҳасидаги стандарт операциялар бўйича қарор қабул қилиш филиаллар кредит комиссиясининг қарорисиз амалга оширилиши йўлга қўйилди. Бу билан мижозларнинг кредит олиш ҳақидаги мурожаатлари қисқа муддатда ҳал этилишини таъминламоқда.
Энг асосийси, Ўзсаноатқурилишбанкда жорий этилган кредитлашнинг янги механизми тизимда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Банк Ахборот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида