Жорий йилнинг 24 март куни биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ҳамда Ўзсаноатқурилишбанк ўртасида ЕТТБнинг 80 млн. АҚШ доллари миқдоридаги револьвер кредит линияларини жалб этиш тўғрисида келишув имзоланди.
Мазкур ҳужжат томонлар ҳамкорлигининг мантиқий давоми бўлиб, Ўзсаноатқурилишбанкни халқаро стандартларга мос равишда трансформация қилиш жараёнида амалга оширилаётган шериклик муносабатларидаги ўзига хос муҳим босқич саналади.
Келишув доирасида ЕТТБ томонидан Банк мижозларининг экспорт-импорт операцияларини молиялаштириш учун қисқа муддатли кредитлар ажратилади.
Қайд этиш жоиз, Ўзсаноатқурилишбанк ҳамда ЕТТБ ўртасидаги ҳамкорлик 2019 йилнинг 21 мартида TFP дастури доирасида «Issuing Bank Agreement» келишуви имзоланиши билан мустаҳкамланган. Бугунги кунга қадар мазкур дастур доирасида умумий қиймати 225 млн. АҚШ долларига тенг 100 дан ортиқ лойиҳалар молиялаштирилди. Натижада ЕТТБ 2020 йилда Ўзсаноатқурилишбанкнинг мазкур фаолиятини эътироф этиб, TFP «Issuing Bank Agreement» мукофотини тақдим қилди.
Шунингдек, ЕТТБ Ўзсаноатқурилишбанкка Марказий Осиёда биринчи “Яшил банк”ни таъсис этиш борасида ҳам кўмаклашиб келмоқда. Хусусан, 2021 йилда мазкур халқаро молия муассасаси томонидан Банкка “GEFF – Green Economy Financing Facility” дастури доирасида 25 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит линияси ажратилди. Дастур доирасида олиб борилган ишлар яна ЕТТБ диққатини тортиб, Банкнинг “Яшил молиялаштириш” мезонлари бўйича йилнинг энг яхши келишуви” номинациясида кетма-кет икки маротаба совриндор бўлишини таъминлади.
Ҳозирги кунда Ўзсаноатқурилишбанк ЕТТБнинг банк акциядорлик капиталига конвертация қилиш опциясига эга бўлган кредит линиясини жалб қилиш устида иш олиб бормоқда.
Банк Ахборот хизмати