Маданият соҳаси миллат маънавиятини юксалтирадиган, маънавий озиқа берадиган, шунинг баробарида миллатнинг ўзлигини намоён қиладиган муҳим йўналиш. Шундай экан, маданият соҳаси вакилларининг ахлоқи, саҳна маданияти кабилар муҳим масалалардандир.
Аммо сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда санъат аҳлининг айрим вакиллари “рамка”га тўғри келмайдиган чиқишлари билан оммани ўзига қаратмоқда. Саҳна маданиятини, этика қоидаларини унутаётган, томошабинга нисбатан қўпол муносабатини очиқдан-очиқ намойиш этаётган вакиллар ҳам йўқ эмас. Бу борада Маданият вазирлиги томонидан қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, қандай чоралар кўрилмоқда?
Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг эшитувида кўтарилган ушбу саволга вазир Озодбек Назарбеков қуйидагича жавоб берди:
— Ҳақиқатан ҳам вазирлигимизга санъат ва маданият вакилларининг ахлоқи, саҳна маданияти, этика қоидаларига риоя қилишига оид жуда кўплаб мурожаатлар келади. Бу борада "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси қошидаги Бадиий кенгаш қарори билан ўша санъаткорларнинг саҳнага, телеканалларга чиқишига тақиқ қўйиш ёки лицензиясини олиб қўйиш билан жазо чоралари кўрилади.
Аммо ҳозир биламизки, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам бемалол ўз ижод намуналарини тарқатиши мумкин. Қолверса, хусусий телеканаллар ҳам мустақил. Маданият вазирлиги билан фақат ЎзМТРК ҳисоблашиши мумкин. Яъни бизнинг тақиқларимизни МТРК таркибидаги телеканаллар инобатга олади, хусусий телеканалларга таъсир қила олмаймиз. Клипларни эфирдан олдириб ташлаш бизнинг ваколатимизда эмас.
Бу борада махсус бир жамоатчилик кенгашини ташкил этиш таклифини билдирмоқчиман. У ким бўлишидан қатъий назар, миллат маънавиятига зид чиқишлар қиладими, албатта, ана шундай кенгашлар томонидан тартибга солинса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА