“Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Тошкент вилояти бўйлаб пресс-тур ташкил этилди.
Маълумки, Тошкент вилояти республикамизнинг муҳим таркибий қисми бўлиб, географик жиҳатдан ниҳоятда қулай инфратузилмага эга. Ҳудудда сўнгги йилларда саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, қурилиш, ишлаб чиқариш, иқтисодий салоҳият ва инвестиция йўналишларида босқичма-босқич ўсиш суръатларини кўриш, кузатиш мумкин.
“Ўзмиллийбанк”АЖ эса вилоятда мазкур соҳа ҳамда тармоқларни ривожлантиришда ишончли молиявий манба сифатида фаол иштирок этмоқда. Банкнинг матбуот хизмати ташаббуси билан ташкил этилган пресс-турда ОАВ вакиллари айнан ана шундай йирик ҳамкорлик лойиҳалари фаолияти билан батафсил таништирилди.
Таъкидлаш жоиз, “Ўзмиллийбанк”АЖ Тошкент вилояти Бош бошқармаси томонидан бугунги кунда 420 мингдан ортиқ аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга сифатли ва тезкор банк хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, ҳозирда банкдаги юридик мижозлар сони 3 минг 154 нафарни ва жисмоний шахс бўлган мижозлар сони 421 минг 512 нафарни ташкил этади.
[gallery-24312]
– Банкнинг Тошкент вилоят Бош бошқармаси таркибида 4 та Банк хизматлари кўрсатиш марказлари (“Нурафшон амалиёт”, Янгийўл, Бекобод ва Ангрен БХМлари) ва 6 та Банк хизматлари офислари (Тошкент шаҳар, Чирчиқ, Ғазалкент, Зарҳал, Ойдин ва Олмалиқ БХОлари) мавжуд, – дейди “Ўзмиллийбанк”АЖ Тошкент вилояти Бош бошқармаси ходими Алишер Шукуров. – Банк томонидан охирги 12 ой давомида 13,8 минг нафардан ортиқ мижознинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб 918 миллиард сўмлик кредитлар ажратилган бўлиб, 2025 йил 1 июнь ҳолатига кредит портфелидаги кредитлар салмоғи 2,2 триллион сўмни ташкил этмоқда. Шундан, 530 нафар тадбиркорлик субъектига ажратилган кредитлар 976,8 миллиард сўмни ҳамда 26,1 минг нафардан ортиқ фуқароларга ажратилган кредит 1,3 триллион сўмни ташкил этади.
Вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш, шунингдек тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида Ўзмиллийбанкка 8 та туман ва 87 та МФЙлари бириктирилган. Ушбу маҳаллаларда ишларни ташкил қилиш учун 87 та маҳалла агентлари ва 35 та маҳалла банкирлари штатлари ташкил этилган. Шунингдек, 2025 йил январь-июнь ойлари мобайнида банк томонидан олиб борилган чора-тадбирлар натижасида жами 16 минг 415 нафар аҳоли даромадли меҳнат билан банд қилинди. Жумладан, 6 минг 97 нафар аҳоли доимий ишга жойлаштирилди. Шунингдек, 10 минг 318 нафар аҳоли тадбиркорликка жалб қилинди.
Хабарингиз бор, сўнгги йилларда ҳудудларда жамоат транспорти тизимини ривожлантириш орқали аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш борасида самарали ҳамда изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Вилоятда ҳам бу йўналишда илк қадамлар қўйилди. Ангрен шаҳрида фаолият юритаётган “ANGREN AVTO GROUP” МЧЖ томонидан “Брутто шартномаси” асосида хизмат кўрсатадиган жамоат транспорти йўналишларга чиқди. Замонавий, қулай ҳамда халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган мазкур автобуслар айни пайтда йўловчиларнинг узоғини яқин қилиш билан бирга, вақтини ҳам иқтисод қилишга кўмаклашмоқда.
– Корхонамиз 2007 йилдан буён йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланиб келмоқда. Бугунги кунда корхонамизда 40 дан ортиқ ISUZU автобуслари мавжуд, – дейди “ANGREN AVTO GROUP” МЧЖ раҳбари Ҳусниддин Отабоев. – Ҳозирги кунда янги автобусларга эҳтиёж туғилди. Шу боисдан давлатимиз раҳбарининг 59-сонли қарорига асосан, Хитой давлатидан “Брутто шартномаси” асосида Ангрен шаҳрига замонавий, барча қулайликларга эга бўлган 15 та автобус харид қилдик. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 9 миллион 400 минг Хитой юанига тенг. Мазкур лойиҳани “Ўзмиллийбанк”АЖ молиявий кўмагида ишга туширдик. Банкдан 8 миллион юань миқдорида кредит олдик. Лойиҳани ишга тушириш натижасида 30 та янги иш ўрни яратилди.
Йўналишга қўйилган автобуслар аҳолига қўшимча қулайликлар яратилишига хизмат қилди. Хусусан, Брутто тизимида фаолият кўрсатадиган жамоат транспорти ҳали вилоятда илк тажриба сифатида Ангренда ишга туширилди. Брутто тизимининг йўловчиларга афзаллиги ҳаракатланиш жадвалига қатъий амал қилишидир.
Пресс-турнинг кейинги манзили Нурафшон шаҳридаги мебель ишлаб чиқариш цехи бўлди.
Маълумот учун, Тошкент вилояти кейинги 3 йилликда халқаро ва маҳаллий инвестициялар жалб этилаётгани туфайли иқтисодиёт тармоғи жадал ривожланаётган ҳудудлардан саналади. Шу боис вилоятда янги лойиҳалар ва стартаплар учун қулай шароитлар яратилиб, ишлаб чиқариш соҳаси кенгаймоқда.
Хусусан, “ҚОРАСУВ ИНВЕСТ” МЧЖга қарашди мебель ишлаб чиқариш корхонаси бугунги кунда ўз бренди билан маҳаллий бозорда аллақачон ўрнини топган. Сифат энг муҳими бўлган корхона айни пайтда республикамизнинг турли вилоятларида ўзининг сотув бўлимларини ишга туширган. Асосан буюртма асосида фаолият кўрсатаётган цехда хонадон учун зарур бўлган барча турдаги мебель жиҳозлари тайёрланади.
–Фаолиятимни 2013 йилда якка тадбиркор сифатида бошлаганман, – дейди “ҚОРАСУВ ИНВЕСТ” МЧЖ раҳбари Раҳмон Отақулов. – Корхонамизни кенгайтириш мақсадида “Ўзмиллийбанк”АЖнинг Нурафшон БХМдан молиявий кўмак олдик. Банкдан ажратилган 3,5 миллиард сўм миқдоридаги кредитга хорижий давлатлардан замонавий технологиялар харид қилдик. Бугунги кунда корхонамизда 160дан ортиқ мебель ишлаб чиқарилмоқда. Натижада 110 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Келгусида “Ўзмиллийбанк” АЖ ҳамкорлигида мазкур йўналишдаги янги лойиҳаларимизни амалга ошириш режамизда бор.
Банк билан 2018 йилдан буён молиявий ҳамкор сифатида ишлаб келаётган “Акбар Рич” корхонаси ўз бренди билан аллақачон хорижда ҳам харидорлар топаётгани эътиборга молик. Анъанавий классик услублар, Modern — замонавий, минималистик услубдаги, Premium — юқори сифатли материаллардан ишланган, нозик декорли эшиклар, Hi-Tech — юқори технологияли, замонавий дизайндаги эшиклар, Economy — арзонроқ, оддий ва функционал эшиклар, Luxury — юқори даражада безатилган ва эксклюзив дизайн буларнинг барчасини айнан шу корхона маҳсулотларида кўриш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Тошкент вилояти иқтисодий жиҳатдан ўзига хос инфраструктурага эга бўлиб, Ўзмиллийбанк мазкур ҳудудда иқтисодиётимиз ривожи йўлида бизнес ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида ҳар доим ишбилармонлар билан ҳамкорликка тайёр.
Зотан, эл тараққиёти йўлида камарбаста бўлиш банк қадриятларининг муҳим тамойилларидан биридир.
Шаҳноза Маматуропова,
Ойбек Пардаев (сурат)
ЎзА мухбирлари