Банк-молия академиясида “Ҳудудларда банкнинг бизнес соҳасини ривожлантириш ва бошқариш” мавзусида семинар ўтказилди. Унда соҳа мутахассислари, ҳудудий ташкилотлар бош ҳисобчилари, якуний назорат бўлими бошлиқлари қатнашди.
“Ўзмиллийбанк” АЖнинг Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий менежмент департаменти ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда 2025 йилга мўлжалланган бизнес-режа кўрсаткичларига эришиш, ҳудудий бўлинмаларнинг бизнес самарадорлигини ошириш ҳамда банк тизимида хатарларни бошқариш усуллари масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, филиаллар ва бош офис ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар банкинг бизнес ва ижтимоий функцияларини яратиш, кичик ва ўрта бизнес лойиҳалари, чакана бизнеснинг сотувлар бўйича ҳамда бизнес-мижозлар билан ишлаш вертикалларини ташкил этиш масалалари бўйича билим кўникмасини оширди.
“Ўзмиллийбанк” АЖнинг трансформация офиси директори ўринбосари Бобур Имомовнинг таъкидлашича, банкнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш муҳим масала ҳисобланади.
– Ушбу стратегияда белгиланган вазифаларни бажариш муҳим аҳамиятга эга, – дейди Б. Имомов. – Шу мақсадда ҳудудий филиаллар вакиллари, бош ҳисобчилар ва якуний назорат ходимлари учун семинар ташкил этилди. Тадбир банкдаги ўзгаришлар ҳақида кенгроқ маълумот бериш, стратегияни тўғри жорий этиш ва бош ҳисобчиларни бизнес ҳамкор сифатида шакллантиришга қаратилган. Шунингдек, филиаллар ва бош офис ўртасидаги мулоқотни яхшилаш орқали стратегик ўзгаришларни самарали татбиқ этишни кўзда тутганмиз. Семинарнинг биринчи кунида айнан шу мавзуда фикр алмашилди ва иштирокчиларнинг таклифлари тингланди. Бу эса стратегияни такомиллаштириш ва амалиётга жорий этишда катта ёрдам беради. Стратегияда вилоятлардаги ҳудудий филиаллар ва бош офис ўртасидаги бизнес вертикалларни тўғри йўлга қўйиш ҳамда ижтимоий вазифаларни самарали бажаришга алоҳида эътибор қаратилган. Банкнинг бешта ҳудудий филиалида таркибий тузилмага киритилган ўзгартиришлар пилот тарзида жорий қилинди. Мазкур лойиҳанинг натижаларига асосан уни барча ҳудудий бўлинмаларда татбиқ этиш режалаштирилган.
Тадбирнинг иккинчи кунида банкнинг ҳудудий Бош бошқармалари ва Якуний назорат хизмати ходимлари иштирокида банкнинг бизнес соҳасига алоқадор бўлмаган жараёнларини марказлаштириш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва бизнес соҳасида янги мақсадларга эришишнинг устувор жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Семинарда Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидаги пилот лойиҳалар муҳокама қилинди. Лойиҳа доирасида чакана бизнесни ривожлантириш, аҳолига хизмат кўрсатишни яхшилаш ва банк даромадларини ошириш борасида эришилган натижалар тақдим этилди.
– Бугунги тадбир биз учун жуда муҳим бўлиб, банкнинг келгуси режаларини амалга ошириш бўйича белгиланган аниқ мақсадларни ҳудудий бўлинма вакиллари орқали жойлардаги ижрочиларга тўғридан-тўғри етказиш имконини берди, – дейди Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий менежмент департаменти директори Фазлиддин Қодиров. – Мижозларга хизмат кўрсатиш, уларни жалб қилиш ва банк маҳсулотларини сотиш орқали мижозлар базасини кенгайтириш асосий вазифалардан ҳисобланади. Бу ишлар банк даромадини ошириш учун катта аҳамиятга эга. Шунингдек, бош офис ва филиаллар ўртасидаги ўзаро муносабат ва мулоқот қандай шаклланиши кераклиги аниқ ва тиниқ тарзда кўрсатиб берилди. Ўйлайманки, бу каби семинар-тренингларнинг кўпроқ ташкил этилиши ўз самарасини беради. Масалан, бундан аввал ўтказилган шу каби семинар-тренинглар KPI тизимини такомиллаштириш, банкнинг операцион харажатлар қисмини марказлаштириш ва бухгалтерия назоратини босқичма-босқич автоматлаштириш жараёнларида ижобий самара берганлиги кузатилди.
Насиба Зиёдуллаева, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА