«Ўзмиллийбанк» АЖ Хитойнинг CIPS тизимига бевосита уланган Ўзбекистондаги биринчи банк бўлди
2026 йил 9 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Хитой Халқ Республикасининг Гонконг махсус маъмурий ҳудудига расмий ташрифи доирасида «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ («Ўзмиллийбанк» АЖ) Хитойнинг Трансчегаравий банклараро тўлов тизими оператори – CIPS Co., Ltd. компанияси билан тўғридан-тўғри уланиш юзасидан келишувни имзолади.
Мазкур ҳужжат «Бир макон, бир йўл» ташаббусининг 11-чи саммити доирасида имзоланди. Унда икки мамлакат давлат идоралари раҳбарлари, етакчи халқаро молия институтлари ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди. Шу тариқа, «Ўзмиллийбанк» АЖ Ўзбекистонда CIPS тизимига тўғридан-тўғри уланган биринчи тижорат банкига айланди. Бу, ўз навбатида, банкка юанда замонавий трансчегаравий ҳисоб-китобларни бевосита амалга ошириш имконини беради.

CIPS тизимига тўғридан-тўғри уланиш юандаги операцияларни воситачи корреспондент банкларсиз амалга ошириш имконини беради (2025 йил якунларига кўра, 130та мамлакатдаги 1800дан ортиқ молия институтини бирлаштирган ва операциялар ҳажми 180,2 трлн юандан ошган).
Бу, ўз навбатида, ташқи савдо шартномаларига хизмат кўрсатишда тўловларни тезлаштириш ва харажатларни камайтиришни таъминлайди, шунингдек, юандаги операциялар базасини кенгайтиради. Айни пайтда «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан жалб қилинган юандаги кредит линиялари ҳажми 11,5 млрд юандан (эквиваленти 1,6 млрд АҚШ доллари) ошган.
Тизимнинг бевосита иштирокчиси мақоми «Ўзмиллийбанк» АЖга келгусида Ўзбекистоннинг бошқа тижорат банклари учун CIPS орқали юандаги тўловларни амалга оширишда ҳисоб-китоб маркази сифатида фаолият юритиш имконини беради. Бу эса мамлакат банк сектори учун юанда тўғридан-тўғри ҳисоб-китобларни амалга ошириш миллий каналини шакллантириш, шунингдек, банкнинг Хитой Халқ Республикаси билан трансчегаравий ҳисоб-китобларнинг асосий миллий хаби ва инфратузилмавий маркази сифатидаги ролини мустаҳкамлаш имконини яратади.
Мазкур ютуқлар Ўзбекистон ва Хитой раҳбарларининг изчил сиёсати ҳамда ШҲТнинг яқинда бўлиб ўтган Саммити якунлари бўйича эришилган келишувларнинг амалий натижаси бўлди. Стратегик шерикликни чуқурлаштиришга қаратилган мазкур курс ўзаро савдо ҳажмининг юқори суръатларда ўсишига таянади. Хитой Ўзбекистон Республикасининг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори мақомини сақлаб қолмоқда ва икки томонлама товар айланмасини 30 млрд АҚШ долларига етказиш бўйича умумий мақсад сари изчил ҳаракат қилинмоқда.
Маълумот учун:
1. «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, мамлакатдаги энг йирик тизимли аҳамиятга эга банк ҳисобланади. 2025 йил якунларига кўра, банк активлари 12 млрд АҚШ долларидан ошди, кредит портфели 9,0 млрд АҚШ долларига етди, жами капитали 1,6 млрд АҚШ долларидан ошди, соф фойдаси эса 160 млн АҚШ долларини ташкил этди. Бу республика банк тизимидаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир.
2. CIPS (Cross-Border Interbank Payment System) трансчегаравий банклараро тўлов тизими Хитой юанидан халқаро миқёсда фойдаланишни кенгайтириш мақсадида Хитой Халқ банки томонидан 2015 йилда ишга туширилган.
Молиявий хабарларни узатиш тизими бўлган SWIFTдан фарқли ўлароқ, CIPS нафақат хабарлар алмашинувини, балки юанда клиринг ва ҳисоб-китобларни ҳам таъминлайди.
2025 йил якунларига кўра, тизим орқали 180,2 трлн юандан ортиқ суммада тўловлар амалга оширилган бўлиб, унинг иштирокчилари 130дан ортиқ мамлакатдаги 1800дан зиёд молия институтини қамраб олади.