ЎзЛиДеП: ёшлар тадбиркорликка йўналтирилди
Наманганда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –Ўзбекистон Либерал демократик партияси вилоят кенгаши ташаббуси билан “Халқ билан бирга” дастури доирасида олий таълим муассасаларини тамомлаётган битирувчи-талабалар учун амалий экскурсия ташкил этилди.
Вилоят марказидаги “Баркамол авлод” кичик саноат зонасига уюштирилган тадбир ёш авлод вакилларининг меҳнат бозори ҳақидаги тасаввурларини кенгайтириш, уларни замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан таништириш, тадбиркорликка қизиқишини ошириш ҳамда келгусида ўз бизнесини йўлга қўйишини рағбатлантиришга қаратилди.
Экскурсия давомида талабалар кичик саноат зонаси ҳудудида фаолият юритаётган ишлаб чиқариш корхоналари, хизмат кўрсатиш субъектлари ва тадбиркорлик лойиҳалари билан танишди. Улар маҳсулот ишлаб чиқариш босқичлари, маркетинг тизими, маҳсулотни ички ва ташқи бозорларга чиқариш механизмлари ҳамда замонавий технологияларнинг ишлаб чиқариш самарадорлигига таъсири ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлди.
Тажрибали тадбиркорлар, корхона раҳбарлари ва мутахассислар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда ёшларга ишбилармонликни бошлашнинг ҳуқуқий ва иқтисодий асослари, бизнес-режа тузиш, молиявий манбалардан фойдаланиш ҳамда давлат томонидан ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган имкониятлар ҳақида тушунчалар берилди.

Қолаверса, битирувчининг касбий кўникмаларини ривожлантириш, уларни муносиб иш ўринларига йўналтириш, бандлигини таъминлаш ва инновацион ғояларини ҳаётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига амалиётчи тадбиркорлардан атрофлича жавоблар олиб, келажакдаги фаолиятида асқатадиган муҳим тавсияларга эга бўлди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва бизнес соҳасида мустаҳкам билим ҳамда кўникмаларини шакллантириш учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бундай амалий учрашув ва экскурсиялар эса, эртамиз эгаларининг келажак касбини танлаши, тадбиркорликка дадил қадам ташлаши ва ўз ғояларини амалиётга муваффақиятли жорий этишига хизмат қилади.

– Партиямиз томонидан ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорликка жалб этиш, айниқса, битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш ва иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган бундай амалий лойиҳалар келгусида ҳам изчил давом эттирилади, – дейди ЎзЛиДеП Наманган вилоят кенгаши аппарат раҳбари Орифжон Маҳмудов. – Зеро, бундай амалий ишларимиз айни вақтда олий таълим муассасаларини битириб, вилоятимиздаги меҳнат бозорига кириб келаётган 20 мингдан ортиқ талабаларни катта ҳаётда муносиб ўринларини топишларига кўмаклашади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА