Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон ипотека бозорига 50 миллион доллар йўналтиради
Ўзбекистон ипотека бозорини ривожлантириш ва аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш борасида яна бир муҳим қадам ташланди. «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» акциядорлик жамияти ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида 50 миллион АҚШ доллари эквивалентида миллий валютада тўғридан-тўғри қарз маблағларини жалб қилиш бўйича стратегик келишув имзоланди.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур молиявий ресурслар давлат кафолатисиз жалб қилинмоқда. Бу эса компаниянинг халқаро молия институтлари олдидаги ишончли имижи ва молиявий барқарорлигини яна бир бор намоён этмоқда.
Келишув доирасида жалб этиладиган маблағлар тижорат банклари томонидан аҳолига ажратилаётган ипотека кредитларини қайта молиялаштиришга йўналтирилади. Хусусан, хотин-қизларга ажратиладиган ипотека кредитларини қўллаб-қувватлаш ҳам устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган.

Бу банкларнинг узоқ муддатли ресурс базасини мустаҳкамлашга хизмат қилиб, аҳоли учун ипотека кредитларининг оммабоплиги ва қулайлигини ошириш имконини беради.
«Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» бош ижрочи директори Муроджон Фармоновнинг таъкидлашича, мазкур келишув Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорлик доирасидаги навбатдаги муҳим ютуқ ҳисобланади.

Унинг сўзларига кўра, ҳамкорликнинг кенгайиши тижорат банкларини барқарор молиявий ресурслар билан таъминлаш, аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш ва ипотека кредитлари шартларини янада яхшилашга хизмат қилади.
Иқтисодчиларнинг қайд этишича, халқаро молия институтларидан давлат кафолатисиз маблағ жалб қилиниши мамлакат молия бозори учун муҳим ижобий сигнал ҳисобланади. Бу, бир томондан, миллий ипотека тизимига бўлган ишонч ортиб бораётганини кўрсатса, иккинчи томондан, узоқ муддатли молиявий ресурслар ҳажмини кенгайтириш имконини яратади.

Шунингдек, миллий валютада маблағ жалб қилиниши валюта хавфларини камайтиришга хизмат қилади. Бу эса ипотека бозори барқарорлиги ва аҳоли учун молиявий хизматлар сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Экспертларнинг фикрича, мазкур келишув нафақат ипотека бозорини ривожлантириш, балки мамлакатда уй-жой молиялаштириш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро инвесторлар билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан имзоланган 50 миллион долларлик келишув Ўзбекистон ипотека бозори учун муҳим воқеалардан бири бўлиб, аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш, банк тизимининг ресурс базасини мустаҳкамлаш ва мамлакат молия секторига халқаро ишончни оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА