Ўзингизни ўзингиз ҳимоя қилинг! АҚШ Европага янги талаб қўйди
Брюсселда бўлиб ўтган НАТО йиғилишида АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет Альянсдаги ҳамкорларга нисбатан кескин баёнот билан чиқди. У Вашингтон Европадаги ҳарбий иштирокини қайта баҳолаш учун олти ойлик текширув бошлаётганини маълум қилди. Бу жараён натижаси кўҳна қитъа давлатлари хавфсизлик учун қай даражада масъулият олишига боғлиқ. Баёнот НАТОда жиддий тортишув келтириб чиқарди.
Хегсетнинг фикрича, НАТО мамлакатлари ҳануз хавфсизлик масаласида АҚШга ортиқча таяниб келмоқда. Шу боис Пентагон Европада жойлашган қўшин ва ҳарбий масканлар бўйича кенг қамровли таҳлил ўтказмоқчи. АҚШ расмийси айрим давлатлар тегишли баҳолашдан муваффақиятли ўтиши, бошқалари эса талабга жавоб бера олмаслигини таъкидлади. Айни ҳолат келажакда қўшин сони ва жойлашувига таъсир қилиши мумкин.
Йиғилиш давомида АҚШ вакиллари Европанинг мудофаа харажати билан боғлиқ сиёсатига ҳам танқидий муносабат билдирди. Вашингтон фикрича, қатор давлатлар ҳарбий салоҳиятни кучайтириш ўрнига бошқа масалаларга кўпроқ эътибор қаратган. Хегсет айрим мамлакатларда АҚШ ҳарбийлари учун база ва ҳаво ҳудудидан фойдаланиш имконияти чекланганини ҳам танқид қилиб, бундай ёндашув хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка салбий таъсир кўрсатишини айтди.
Германия Канцлери Фридрих Мерц Европа давлатлари эҳтимолий ўзгаришга тайёр туриши кераклигини билдирди. Унинг таъкидлашича, Вашингтон муайян вақтдан кейин кўҳна қитъадаги ҳарбий иштирокини қисқартириши янги мавзу эмас. Яъни, Европа ўз мудофаа имкониятини мустаҳкамлаш бўйича ишни жадаллаштирмоқда. Кузатувчилар Брюсселдаги чиқиш НАТО саммити арафасида Альянс ичидаги муносабатга нисбатан янги саволларни юзага келтирганига эътибор қаратган.
Мусулмон Зиё, ЎзА