Бугун шаҳар ва туманларимизда дорихоналар сони кўпайиб бормоқда. Уларда сотилаётган дори-дармон ва тиббий воситаларнинг сифати ва ишончлилиги қай даражада?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, аҳолисининг даромади паст ва ўрта бўлган мамлакатларда муомалада бўлган ҳар ўнта тиббий маҳсулотдан биттаси сифатсиз ёки сохталаштирилган. Бу эса, ўз навбатида, беморлар томонидан касалликларни даволаш ёки олдини олиш учун самара бермайдиган дори-дармонлар қабул қилинишини билдиради. ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, қалбаки ва қўлбола дорилар аҳолининг энг заиф қатламларига кучли таъсир қилади ва натижада жиддий касаллик ёки ўлимга сабаб бўлади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Халқ демократик партияси фармацевтика соҳасида давлат назоратини кучайтириш ташаббусини илгари сурмоқда.
Бу соҳадаги назоратни кучайтириш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида «Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш, дори воситаларининг мавжудлиги ва сифатини таъминлаш, шунингдек, жамиятда ижтимоий адолат ва барқарорликни сақлаш нуқтаи назаридан жуда катта аҳамиятга молик.
Давлат назоратини кучайтириш одамлар саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солиши мумкин бўлган сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари бозорга кириб келишининг олдини олишга ёрдам беради. Давлат назорати бозордаги барча дори воситаларининг белгиланган сифат стандартларига жавоб беришини ва зарур текширувлардан ўтишини таъминлашга кўмаклашади.
Айни кунларда давом этаётган сайловолди ташвиқот-тарғибот тадбирларида партиянинг ушбу ташаббуси инсон саломатлигини сақлаш ва сифатли тиббий воситалар билан таъминлашда долзарб экани таъкидланмоқда.
М.Комилова, ЎзА