Ўзбекистонда энергия самарадорлигини ошириш, замонавий ва барқарор инфратузилма яратишга қаратилган халқаро ҳамкорлик изчил давом этмоқда. Энергетика вазирлиги, “Ўзэнергоинспекция” ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган навбатдаги учрашув ҳам ана шу мақсад йўлидаги амалий қадамлардан бири бўлди.
Тадбирда Ўзбекистонда “Энергетик менежерлар тайёрлаш дастурини жорий этиш ва нол энергия истеъмолига эга бинолар (ZEB) бўйича намунавий лойиҳани амалга ошириш” ташаббуси муҳокама этилди. Лойиҳа JICA билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Унда мамлакатимизда энергия тежаш имкониятларини ошириш, соҳадаги мутахассисларни замонавий билимлар билан қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
Қайд этиш керакки, JICA ривожланаётган мамлакатларда барқарор ижтимоий-иқтисодий ўсишга кўмаклашадиган йирик ташкилотлардан биридир. У техник ҳамкорлик, грантлар, имтиёзли кредитлар ва мутахассислар тайёрлаш орқали ўз лойиҳаларини амалга оширади. Ўзбекистонда ҳам JICA соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, экология ва энергия самарадорлиги йўналишларида кенг қамровли ташаббусларни татбиқ этиб келяпти. Ушбу агентлик томонидан таклиф этилаётган кўмак ва билим алмашуви мамлакатда мутахассислар салоҳиятини ошириш ва замонавий технологияларни жорий этишда муҳим ўрин тутади.
– Учрашувда мазкур ZEB лойиҳасининг амалга оширилиш жараёни, биринчи босқичда эришилган натижалар, долзарб вазифалар ва истиқболдаги ҳаракатлар кўриб чиқилди. Ушбу мулоқот нафақат татбиқ этилаётган ташаббуслар бўйича фикр алмашиш имконини берди, балки энергетик менежерлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ZEB концепциясини миллий амалиётга жорий этиш ва соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ йўналишларни белгилашга хизмат қилди. Бу ишлар самарасида энергия тежамкор технологиялар жорий этилади ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш, маҳаллий мутахассисларни халқаро талабларга мос билим ва кўникмалар билан таъминлаш имкони ҳам яратилади. JICA билан ҳамкорликда олиб борилаётган лойиҳалар Ўзбекистонда барқарор энергетика сиёсатини ривожлантиришда муҳим ҳисобланади, – деди “Ўзэнергоинспекция” бошқарма бошлиғи Фаррух Ҳалимов.
Муҳокамалар чоғида энергетик менежмент тизимини такомиллаштириш, ZEB концепциясини оммалаштириш ва мазкур соҳада халқаро тажриба алмашинувини кучайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Томонлар мамлакатимизда барқарор энергетика сиёсатини юритишда JICAнинг кўмаги муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаб, келгусида ҳам ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА